Жаҳон | 19:06 / 08.07.2025
1256
3 дақиқада ўқилади

Фирибгар СИ ёрдамида Марко Рубио номидан бир неча расмийларга хат юборди

Номаълум шахс сунъий интеллектга (СИ) асосланган дастур ёрдамида Рубионинг овози ва ёзиш услубига тақлид қилувчи хабарларни амалдорларга юборган.

Фото: Getty images

Номаълум фирибгар ўзини АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога ўхшатиб, америкалик ва хорижий расмийлар, жумладан, уч вазир билан ёзишма қилди, деб хабар берди The Washington Post (WP).

АҚШ юқори мартабали мулозимларидан бири газетага воқеа ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ҳодиса ҳақидаги маълумотлар Рубио идораси 3 июл куни Давлат департаменти ходимларига юборган хабарда ҳам бор.

Газетанинг ёзишича, июн ойида фирибгар Signal мессенжерида Marco.Rubio@state.gov сохта электрон почта манзилидан фойдаланган ҳолда аккаунт очган. Сўнгра, матнли хабарлар орқали уч нафар ташқи ишлар вазири, штат губернатори ва Конгресс аъзоси билан боғланган.

WP нашрига кўра, фирибгар сунъий интеллектга асосланган дастур ёрдамида Рубионинг овози ва ёзиш услубига тақлид қилувчи хабарларни амалдорларга юборган. Ёзувлар мазмуни ошкор этилмаган. Фақат бир ҳолатда фирибгар суҳбатдошни учрашувга таклиф қилиб, SMS жўнатгани маълум. Расмийлардан бирортаси жавоб берганми ёки йўқми номаълум.

Бўлиб ўтган воқеа ортида ким тургани ва у қанча вақт ўзини Рубио сифатида намоён қилгани номаълум. Давлат котиби идорасининг тахминига кўра, бу нуфузли дипломатлар ва амалдорларни «маълумот олиш учун» манипуляция қилишга уриниш бўлган.

Давлат департаменти «келажакка шунга ўхшаш воқеалар содир бўлишининг олдини олиш учун пухта тергов ўтказишга ва эҳтиёт чораларини кўришда давом этишга» ваъда берди. Расмийлар ҳужумга учраган амалдорларнинг исмини ошкор қилишдан бош тортди.

Май ойидан бери Марко Рубио нафақат АҚШ Давлат котиби, балки президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллаб келади. Илгари маслаҳатчи лавозимини Майк Уолтц эгаллаган. Америка матбуоти унинг истеъфосини «Сигналгейт» билан боғлади, бу Оқ уй фаолиятига оид махфий маълумотларнинг Signal чатига сизиб чиқиши билан боғлиқ можаро.

Мавзуга оид