Жаҳон | 14:35
2126
2 дақиқада ўқилади

Axios: Исроил Эронга эҳтимолий янги ҳужумга тайёрланмоқда

Исроил Эрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринса, унга қарши янги зарбалар беришга тайёрланмоқда. Нетаняҳунинг атрофидагилар Трамп бундай ҳужумни «маълум шартлар остида» қўллаб-қувватлаши мумкинлигига ишонмоқда, деб ёзади Axios.

Фото: Maxar Technologies/Handout/REUTERS

Исроил ядровий дастурини тиклашга уринса, Эронга қарши эҳтимолий жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 7 июл, душанба куни Американинг Axios нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Ушбу хабарларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг маслаҳатчиси Рон Дермер Вашингтонга яқинда ташриф буюрганидан сўнг, юқори мартабали Исроил расмийларига АҚШ президенти Доналд Трамп «маълум шартлар остида» Эронга янги зарбалар беришни маъқуллаши мумкинлиги ҳақида фикрга эга бўлганини айтган.

Сценарийлардан бири Эрон ҳукуматининг Исроил ва Америка бомбардимонлари натижасида зарар кўрган Фордо, Натанз ва Исфахондаги Эрон ядро иншоотларидан юқори даражада бойитилган уранни олиб чиқишга уриниши бўлиши мумкин. ЦАҲАЛ Теҳрон режимининг шикастланган уран бойитиш заводларини тиклашга уриниши туфайли ҳам жанговар ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин, деб ёзади Axios.

Эрон ядро дастури масаласи Трампнинг Нетаняҳу билан Оқ уйда ўтказилган учрашувида марказий ўринни эгаллаши кутилганди.

13 июндан бошлаб Исроил Эронга зарба бериб, ядровий иншоотларга, юқори мартабали ҳарбий хизматчиларга ва ядровий соҳадаги олимларга ҳужум қилди. Эрон бунга жавобан Исроилга ракета ва учувчисиз учоқлар учирди. АҚШ 22 июнга ўтар кечаси можарога қўшилиб, Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий иншоотларга ракеталар ва бункерга қарши бомбалар билан зарба берди. Икки кундан кейин Эрон олдиндан огоҳлантириб, Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилди. 24 июн куни Исроил ва Эрон АҚШ босими остида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди – гарчи бирмунча вақт ўзаро отишмалар давом этди.

Мавзуга оид