Швейцария Ғазодаги «озиқ-овқат тузоғи» — GHFʼни ёпмоқда
Швейцария ҳукумати Исроил ва АҚШ томонидан молиялаштирилган «Ғазо инсонпарварлик фонди»нинг Женевадаги бўлимини ёпмоқда. БМТ ва халқаро ташкилотлар фондни Ғазода бетарафлик принципларига амал қилмасликда айблаб келаётганди. Сўнгги 2 ҳафтада GHFʼнинг ёрдам карвонларига етиб боришга уринган камида 580 фаластинлик ҳалок бўлди.

Фото: Eyad BABA / AFP
Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган, ҳозирда Ғазода фаолият юритаётган баҳсли инсонпарварлик ташкилоти — Ғазо инсонпарварлик фонди (Gaza Humanitarian Foundation) — расман тугатилмоқда. Бу ҳақда 2 июл куни Швейцариянинг жамоат телерадиокомпаниясига таяниб Anadolu нашри хабар бермоқда.
Швейцария Федерал Фондлар назорати бошқармаси (ASF) GHFʼни ёпиш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки фонд Швейцарияда вакилга ҳам, расмий манзилга ҳам эга эмас. Улар бу муаммони бартараф этиш учун эса ҳеч қандай чора кўрмаган. Швейцария Ички ишлар вазирлиги бу қарорни тасдиқлади.
Июннинг бошида Швейцария ташқи ишлар вазирлиги GHFʼнинг Женевадаги баҳсли бўлими «фаолсиз» ва «ҳуқуқий талабларга жавоб бермайди» дея берилган баҳони тасдиқлаган эди.
Ушбу можаро ортидан GHFʼнинг Швейцариядаги директори истеъфога чиққан эди. Айни вақтда Швейцариядаги TRIAL International ноҳукумат ташкилоти федерал ҳокимиятга иккита шикоят аризаси топширди ва фонд фаолияти шаффофлиги бўйича тергов талаб қилмоқда.
Ташкилот GHF фаолияти нафақат қонунга зид, балки «Швейцариянинг халқаро обрўсига хавф соладиган даражада хавфли бўлиши мумкин», дея таъкидлади.
Ғазо инсонпарварлик фонди Reuters’га берган баёнотида Швейцарияда фаолият бошламаслик ҳақида стратегик қарор қабул қилганини ва ҳозирда ушбу мамлакатда рўйхатга олинган тузилмасини тугатиш устида ишлаётганини билдирди.
GHF – бу қандай ташкилот?
Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ушбу баҳсли гуманитар ташкилот – Gaza Humanitarian Foundation АҚШнинг Делавер штатида рўйхатдан ўтган бўлиб, жорий йил 12 феврал куни Женевада филиал очган эди.
Унинг мақсади БМТ орқали эмас, балки тўғридан тўғри Ғазога озиқ-овқат етказишни мувофиқлаштириш бўлган.
GHF механизми халқаро ҳамжамият ва БМТ томонидан кескин қораланиб, танқид остига олиниб келаётган эди. Бу танқидларга сабаб — ёрдам тарқатиш пайтида содир бўлган тартибсизликлар ва юзлаб фаластинликларнинг ҳалок бўлиши бўлди. GHFʼнинг бундай ҳаракатлари кўп ҳолларда оч-наҳор фаластинликлар учун «ўлим тузоғи» деб номланди.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур Исроил бу ташкилот орқали «ёрдамни уруш қуролига айлантираётганини» айтган эди. Шунингдек, ташкилот Ғазодаги урушда бетарафлик принципларига амал қилмасликда айбланмоқда.
Ғазодаги тиббий идоралар маълумотига кўра, GHF фаолият бошлаганидан бери ёрдам тарқатиш марказлари ёки уларнинг яқинидаги йўлларда Исроил кучлари томонидан қўриқланувчи ҳудудларда 600 га яқин одам ҳалок бўлган.
Исроил ОАВларига кўра, Цахал душанба куни берган баёнотида баъзи фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ёрдам марказлари яқинида ўлдирилганини тан олди. Армияга «олинган сабоқлар» асосида янги кўрсатмалар берилгани билдирилди.
GHF эса беш ҳафта ичида муҳтож фаластинликларга 52 миллион ҳиссадан ортиқ овқат улашганини маълум қилган. Ташкилотнинг айтишича, бошқа ҳуманитар гуруҳлар ёрдамларининг деярли барчаси талон-торож қилинган.
Исроил — Ҳамас озиқ-овқат устидан назорат қилмаслиги учун, GHFʼни қўллаб-қувватлайди. БМТ ва йирик ҳуманитар ташкилотлар эса GHF билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган, чунки бу жамғарма Исроил ҳарбий мақсадларига хизмат қилиши ҳақида шубҳалар бор.
Мавзуга оид

07:42
Исроилнинг Ғазога зарбалари оқибатида камида 60 фаластинлик ҳалок бўлди

08:07 / 03.07.2025
Исроил Ғазо жанубидаги Хон-Юнус аҳолиси эвакуациясини талаб қилмоқда

07:44 / 03.07.2025
Исроилнинг Ғазога эрталабки ҳужуми оқибатида 29 фаластинлик ҳалок бўлди

07:41 / 03.07.2025