Жаҳон | 07:44 / 03.07.2025
3185
1 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазога эрталабки ҳужуми оқибатида 29 фаластинлик ҳалок бўлди

Исроил армияси кўчирилганларнинг уйлари ва чодирларига ҳужум қилмоқда.

Фото: Anadolu Agency

Исроил армиясининг блокададаги Ғазо секторининг турли ҳудудларига эрталаб уюштирган ҳужумлари натижасида 29 киши ҳалок бўлди, улар орасида гуманитар ёрдам кутаётган 10 нафар фаластинлик бор.

Зарбаларнинг асосий нишони тинч аҳоли ва ёрдам кутаётган ички кўчирилганлар бўлди.

Тиббий манбалар ва гувоҳларга кўра, Ғазо жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида Исроил кучлари Ал-Меваси туманидаги уйга ҳужум қилиб, икки фаластинликни ўлдирган.

Хон-Юнусда кўчирилган фаластинликларга тегишли 3 та чодирнинг бомбардимон қилиниши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, Хон-Юнус марказида Исроил кучлари фаластинликларга ҳужум қилди, 3 киши ҳалок бўлди, яна икки фаластинликнинг жасади шаҳарнинг турли ҳудудларида вайроналар остидан чиқариб олинди.

Ғазо марказидаги Салаҳаддин шоҳкўчасида Исроил армияси озиқ-овқат излаб гуманитар пунктларга йўл олган фаластинликларга қарата ўқ узди, 10 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Мавзуга оид