Жаҳон | 16:57 / 03.07.2025
3296
3 дақиқада ўқилади

АҚШ нафақат Украинага, балки бошқа мамлакатларга ҳам ҳарбий ёрдамни тўхтатди

Бу қарор Пентагон томонидан Қўшма Штатлардан қурол олаётган барча мамлакатларга нисбатан ўтказилаётган кенг кўламли текширувнинг бир қисми доирасида экани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Қурол етказиб беришнинг тўхтатилиши нафақат Украинага, балки бошқа мамлакатларга ҳам таъсир қилди, деб ёзди CBS News Оқ уйдаги манбага таяниб.

CBS News манбасига кўра, бу қарор Пентагон томонидан Қўшма Штатлардан қурол олаётган барча мамлакатларга нисбатан ўтказилаётган кенг кўламли текширувнинг бир қисми ҳисобланади. Бу жараён АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет томонидан бир неча ҳафта олдин, Доналд Трамп топшириғига кўра бошланган эди. Ушбу аудитдан мақсад – Пентагон олдинги маъмурият даврида «Америка манфаатларига мувофиқ устуворликни таъминлаганини» аниқлашдик, деди расмий.

CBS News манбасининг таъкидлашича, баъзи бошқа давлатлар ҳам «қайта таснифланган», яъни Америка қуроллари ва ўқ-дориларини устувор олувчилар рўйхатидан чиқарилган, аммо қайсилари эканига аниқлик киритилмади.

Ўқ-дорилар етказиб бериш тўхтатилгани фонида, Украина Қўшма Штатлардан Европага ўз армияси учун Америка қуролларини сотиб олишига рухсат беришни сўрамоқчи, деб ёзди Politico.

Нашрнинг ёзишича, Европанинг бир қанча ҳукуматлари мудофаа бюджети ҳисобидан Украина учун Америка қуролларини сотиб олиш режаларини ўрганмоқда. Бу пуллар яқинда НАТО саммитида тасдиқланган иттифоқ мамлакатлари томонидан мудофаа харажатлари миқдорида ҳисобга олинади, бироқ ҳозирча қатъий мажбуриятлар йўқ, деб ёзди Politico.

АҚШ Сенати Қуролли кучлар қўмитаси раиси Рожер Уикер сўзларига кўра, Владимир Зеленскийнинг сўрови энди «молиявий ёрдам ҳақида эмас, балки Европа пулларидан Америка қуроллари ва ўқ-дориларини харид қилиш имконияти ҳақида».

1 июл куни АҚШ Украинага баъзи ўқ-дорилар, жумладан Patriot ҳаво мудофаа тизими учун ракеталарни етказиб беришни тўхтатгани маълум бўлди. Тўхтатилишига АҚШ армиясининг ўз захиралари тугаши билан боғлиқ хавотирлар сабаб бўлгани айтилди. Европа расмийлари Қўшма Штатларнинг бу қароридан «ҳайратда қолишди», деб ёзди Bloomberg манбага таяниб.

АҚШ Давлат департаменти Украинага қурол етказиб беришни тўхтатмаганини айтди. Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс: «Бу бир жиҳат, битта вазият, битта воқеа ўзгарди», деди. The Economist билан суҳбатлашган Украина расмийларига кўра, АҚШ барча ҳарбий ёрдамни, жумладан ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмларини жўнатишни тўхтатган.

Мавзуга оид