Жаҳон | 11:06
4192
3 дақиқада ўқилади

Киевга тунги ҳужум: 20 дан ортиқ киши жабрланган, темирйўл шикастланган

Путин ва Трампнинг суҳбатидан кейин ҳам Россия Киевга зарба беришда давом этмоқда.

Фото: Stringer/AP Photo/dpa

Россия ҳарбийлари жумага ўтар кечаси Киевга дронлар ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Пойтахтга ёпирилма ҳужум эрталабки соат 5 гача давом этди. Сўнгги маълумотларга кўра, 23 киши жабрланган, улардан 14 нафари касалхонага ётқизилган. Украина расмийлари зарбалар оқибатида Киевнинг темирйўл инфратузилмаси ҳам шикастланганини маълум қилди.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотларига кўра, «Кинжал» аэробаллистик ракетасини олиб юришга қодир бўлган Россиянинг МиГ-31К қирувчи самолётининг ҳавога кўтарилиши қайд этилган. «Душман ракеталаридан фойдаланиш хавфи бор», – дея қўшимча қилди ҳаво кучлари. Кейинроқ шаҳарда портлаш овозлари эшитилди. Пабликларда баллистик ракета зарбалари ҳақида хабар берилмоқда.

Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг кунлик ҳисоботида айтилишича, жумага ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украинага 539 та зарбдор дрон ва яна 11 та ракета билан ҳужум қилган.

Ҳужумнинг асосий йўналиши Киевга қаратилди, дейилади хабарда.

Шаҳар расмийларига кўра, Киевнинг деярли барча районларида вайронгарчиликлар ва ярадорлар бор, ёнғинлар авж олмоқда ва қутқарувчилар ишламоқда. Эрталабки соат 8 ҳолатига кўра, 23 киши яралангани маълум бўлган, шундан 14 нафари касалхонага ётқизилган.

Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, пойтахтнинг Днепр районида турар жой бинолари ҳовлиси ва таълим муассасаси ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари парчалари қулаган.

Голосеевский районида эса парчалар шифохона устига тушган.

Парчалар нотурар жой бино қурилаётган ҳудудга тушиши Киевнинг Соломенский районида ҳам қайд этилган. У ерда ёнғин чиққан. Бу районда омборхона биноси ва маъмурий бинода ҳам ёнғин рўй берган.

Мэрияга кўра, Святошинский районида Россия дрони парчалари омборхона ҳудудига тушиши оқибатида ёнғин чиққан.

Шунингдек, парчалар 16 қаватли турар жой биносига тушган, бу ерда автомобиллар ёниб кетган. Хусусий секторда ҳам парчалар тушиши оқибатида ёнғин юзага келган.

Дарницкий районида бир неча очиқ майдонга парчалар қулаши кузатилган.

Шевченково районида парчалар 8 қаватли уйни зарарлаган — у фойдаланишга топширилган, аммо ҳали яшовчилар кўчиб кирмаганди. У ерда ҳам кучли ёнғин бошланган.

Бундан ташқари, Россия ҳужумлари оқибатида тез ёрдам хизматининг 5 та автомобили шикастланган, улар жабрланганларга ёрдам учун шошилаётганди, деб хабар берган шаҳар мэри Виталий Кличко. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимлари орасида жабрланганлар йўқ.

Киевга тунги зарбалар темирйўлга ҳам таъсир қилган.

«Душман томонидан Киев ўққа тутилиши натижасида шаҳар ичидаги темирйўл инфратузилмасига зарар етказилди. Ғарбий йўналишдаги йўловчи поездлари Вишневое ва Дарницкий орқали эгри йўналишда ҳаракатланмоқда, бу эса икки соатгача кечикишга сабаб бўлмоқда», – дейилади «Укрзалізниця» хабарида.

Мавзуга оид