Жаҳон | 08:50
1311
2 дақиқада ўқилади

АЭХА раҳбари: Эроннинг агентлик билан ҳамкорлиги - юридик мажбурият

«Эроннинг биз билан ҳамкорлиги хайрихоҳлик эмас. Эрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг аъзоси бўлиб қолар экан, бу унинг қонуний мажбуриятидир» — Рафаэл Мариано Гросси.

Фото: REUTERS

Эроннинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) билан ҳамкорлиги қонуний мажбуриятдир. Бу ҳақда АЭХА бош директори Рафаэл Мариано Гросси Франциянинг France 2 телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Гросси дипломатик келишувга ишонишини таъкидлади ва ядровий иншоотларга ҳужумлар халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланганини эслатди.

«Эроннинг биз билан ҳамкорлиги хайрихоҳлик эмас. Эрон Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг аъзоси бўлиб қолар экан, бу унинг учун қонуний мажбуриятдир», — деди АЭХА раҳбари.

Унинг қайд этишича, Исроил ҳужуми билан бошланган эскалация жиддий зарар келтирган.

«(Ядровий) фаолиятни қайта бошлаш Эрон нима қилмоқчи эканлигига боғлиқ. Улар тўхтаган жойидан давом этадими ёки уни қисқартирадими?» — деди Гросси.

Франция президенти Эммануэл Макрон Рафаэл Гроссини Елисей саройида қабул қилди. У АЭХА фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдириб, агентликнинг ядро хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти муҳимлигини таъкидлади.

«Агентлик имкон қадар тезроқ Эрондаги миссиясини давом эттира олиши керак», деб ёзди Макрон X ижтимоий тармоғида.

Айни пайтда, Гросси учрашувни самарали деб баҳолади ва қийин вазиятга қарамай, барча томонлар дипломатик ечим жараёнига конструктив ва қатъий тарзда киришиши кераклигини қўшимча қилди. Шунингдек, у Макронга АЭХАнинг бутун дунё бўйлаб ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид