Фан-техника | 00:03
3272
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг «Америка смартфони» аслида хитойники бўлиб чиқди - ОАВ

У 100 фоиз Америкада ишлаб чиқарилган смартфон сифатида тақдим қилинган эди.

Фото: Wccftech

Доналд Трампнинг The Trump Organization компанияси ўзининг Trump Mobile T1 смартфонини дабдабали тарзда тақдим этди. Компания қурилмани «100 фоиз Америкада ишлаб чиқарилган» деб реклама қилмоқда, бироқ бу даъво жуда шубҳали.

Wccftech портали мутахассисларга таяниб ёзишича, «олтин трампофон» аслида Хитойнинг Wingtech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган T-Mobile REVVL 7 Pro 5G арзон Андроид телефонининг ребрендинги. Шундай қилиб, қурилма маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида қимматроқ нархда тақдим этилгани маълум бўлди.

Аслида смартфонни дастлаб Apple компанияси масхара қилиши керак эди. Чунки у Designed by Apple in California (Калифорнияда Apple томонидан ишлаб чиқилган) шиори остида тақдим этилди, гарчи барча iPhone смартфонлари Хитой ва Ҳиндистонда йиғилади.

XDA Developers инсайдери ва муҳаррири Макс Вайнбах сўзларига кўра, «Трампофон» янги корпус ва логотип олган бўлса-да, аслида оддий OEM қурилма бўлиб қолмоқда. Т1 смартфонининг маълум бир қисми Қўшма Штатларда йиғилади, лекин аксарият қисмлар ҳали ҳам чет элдан етказилади, чунки Осиё таъминот занжири анча яхши ривожланган.

Trump Mobile T1 сотуви сентябр ойида бошланиши ваъда қилинган. Смартфон 6,8 дюймли AMOLED дисплей, 12 + 256 Gb хотира, 50 + 2 + 2 MP камералар ва 5000 мА·соат аккумуляторга эга бўлади. Нархи 499 доллар.

Бундан ташқари, смартфон билан бирга тақдим этилган Trump Mobile аслида анъанавий виртуал оператор ҳисобланади. У Verizon, AT&T ва T-Mobile каби йирик операторлар инфратузилмасидан фойдаланади ва шунчаки тайёр маҳсулотни қайта сотади, гарчи риторика буларнинг барчасини «ҳақиқий америкаликлар» учун муқобил танлов сифатида тақдим этаётган бўлса-да.

Мавзуга оид