Трамп Эрон билан урушга қарши эди. Аммо энди фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин
Нега бундай бўлди ва бу нимага олиб боради?

Pfc. Jaquari Lindsey / U.S Army / Planet Pix / ZUMA Press Wire / Scanpix /
Бир ҳафта олдин ҳам Доналд Трамп Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришдан воз кечиш шарти бўлган битимга рози бўлишга чақираётганди, энди эса Исроилга қўшилиб, Эрондаги ядровий объектларга зарба бериш ҳақида ўйламоқда.
BBC шарҳловчилари Трамп ўз фикрини қандай ўзгартиргани, АҚШнинг бу урушга қўшилиши эҳтимоли ва бунинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Трампнинг риторикаси қаттиқлашди
Америка президентининг сўнгги кунлардаги риторикаси Оқ уй Эрон ядро объектларига зарба беришда Исроилга қўшилиш ҳақида жиддий ўйлаётганини кўрсатмоқда.
Американинг Яқин Шарқдаги урушга тўғридан тўғри аралашиши эҳтимоли сўнгги кунларда жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги асосий мавзу бўлиб қолди. Америка президенти ҳамон ўз режалари тўғрисида очиқ гапиришдан бош тортмоқда.
«Мен буни қила оламан. Бундай қилмаслик ҳам қўлимдан келади. Мен нима қилмоқчи эканимни ҳеч ким била олмайди», – деди Трамп чоршанба куни Оқ уйда журналистларга ундан Эрондаги ядровий объектларга зарба йўллашга буйруқ бериши эҳтимолини сўрашганида.
Bloomberg қайд этишича, Трамп Эрон билан бўлажак музокаралар эҳтимолини истисно қилмаган, бироқ уларнинг истиқболига унчалик ишонмаслигини билдирган. «Гаплашиш учун кеч бўлди. Ҳозирги ҳолат билан бир ҳафта олдинги ҳолат ўртасида катта фарқ бор», – деган Трамп.
ABC News манбаларига кўра, кейинги 24-48 соат жуда муҳим бўлади. Бу вақт ичида Америка маъмурияти АҚШ можарони дипломатия йўли билан ҳал қилишга уринишда давом этиши ёки аксинча Исроилнинг ҳарбий амалиётига қўшилиши борасида қарор қабул қилади. АҚШ раҳбарияти шу ҳафта бу масалани Миллий хавфсизлик кенгашида муҳокама қилган.
Трампнинг сўнгги баёнотлари Америка президенти ҳақиқатан ҳам ҳарбий эскалация вариантини кўриб чиқаётганини кўрсатмоқда. Бир кун аввал у АҚШ Эрон осмонини тўлиқ назорат қилишини эълон қилди, Эрон олий раҳбари Али Хоминаийни «осон нишон» деб атади ва АҚШ унинг қаерда яширинганини билишини, аммо «ҳозирча уни олиб ташлаш ниятида эмаслиги»ни айтди. Шундан сўнг у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида «СЎЗСИЗ ТАСЛИМ БЎЛИШ!» иборасини ёзди.
Эрон ҳам эскалация сценарийсига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. The New York Times нашри ёзишича, АҚШ разведкаси Эрон АҚШ урушга киришадиган бўлса, Америка базаларига зарба беришга аллақачон тайёргарлик кўрган деб ҳисоблайди. Американинг БАА, Иордания ва Саудия Арабистонидаги ҳарбий базалари юқори тайёргарлик ҳолатида.

Фото: ANDREW CABALLERO-REYNOLDS/Getty Images
АҚШ президенти яқинда ҳам музокараларга чорлаётганди
Америка ва жаҳондаги энг йирик нашрлар Трампнинг Эрон бўйича сўнгги кунлардаги баёнотлари унинг президентлигининг дастлабки ойларидаги риторикадан катта фарқ қилишини таъкидламоқда. АҚШ президенти ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидан бири айнан Теҳрон билан тинчлик музокаралари эди. Трамп бу йўналиш билан шуғулланишни ўз дўсти ва энг яқин маслаҳатчиларидан бири – махсус вакил Стив Уиткоффга ишониб топширди.
Май ойи охирида Оқ уй Теҳрон билан мулоқот тўғри йўналишда кетаётганига ишонтирганди. Бундан бир неча ҳафта олдин Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан қўшма матбуот анжуманида Эрон ядровий келишуви бўйича тўғридан тўғри музокаралар бошланганини эълон қилганди.
Етти йил олдин, Трампнинг олдинги президентлиги даврида АҚШ Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасидан бир томонлама чиққанди. Ушбу ҳужжатни 2015 йилда Эрон АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия, Франция ва Германия билан имзолаганди. Шартномага кўра, Теҳрон санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий қурол ишлаб чиқаришни чеклаши ва қуролни яратишдан воз кечиши кўзда тутилганди.
АҚШ шартномадан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни тиклади, Теҳрон эса шартнома бўйича мажбуриятларни қисқартиришни бошлади. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар 2020 йил бошида янада кескинлашди. Ўшанда Трампнинг буйруғи билан АҚШ эронлик генерал Қосим Сулаймонийни ўлдирганди. АҚШда Сулаймоний террорчилар рўйхатига киритилган, Эронда у ташқи сиёсат соҳасидаги асосий шахслардан бири эди.
Сулаймонийнинг ўлдирилишидан сўнг Теҳрон ядровий келишув бўйича сўнгги мажбуриятлардан воз кечишини эълон қилди. Бу, охир-оқибат, Трампни 2025 йил бошида Оқ уйга қайтганидан кейин Эрон масаласи билан яна шуғулланиш заруратига дучор қилди.
2025 йил апрелида Оқ уйдаги матбуот анжуманида Нетаняҳу Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ядро қуроли бўйича мулоқот қайта тикланишига шундай муносабат билдирганди: «Агар бунга дипломатик йўл билан, тўла ҳажмда эришиш мумкин бўлса, бу яхши бўларди». Ҳозирга келиб маълум бўлишича, ўша вақтда Исроил аллақачон «Уйғонаётган шер» амалиётини бошлашга тайёр эди.
Ўша вақтда АҚШ ва Исроил позициялари ҳеч бўлмаганда Теҳроннинг ядровий қурол яратишга қанчалик яқинлашганини баҳолашда фарқланарди. Жорий йил март ойида АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард АҚШ Сенатининг разведка бўйича махсус қўмитаси йиғилишида сўзлаган нутқида Америка разведкаси Эроннинг ядро қуролини яратиш бўйича ишларининг белгиларини кўрмаётганини айтади.
CNN телеканали манбаларга таяниб, разведка ҳисоб-китобларига кўра, Теҳронни ядро қуролини яратишдан яна бир неча йил ажратиб турганини хабар қилди. Ўз навбатида, Исроилдагилар Эрон бу нуқтага максимал даражада яқинлашгани ҳақида айтишди (Эрон ҳар доим ядро қуроли яратишга интилишини рад этиб келган).
New York Times маълумотларига кўра, Америка махсус хизматлари май ойи охирида Исроил Эрон ядровий объектларига кенг кўламли зарбалар беришга тайёрланмоқда, деган хулосага келган. Ўшанда Трамп шахсий суҳбатларда Нетаняҳуни бу ҳаракат дипломатик жараённи бутунлай барбод қилишига ишонтиришга уринган.
8 июн куни, атиги бир ярим ҳафта олдин, Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларига Нетаняҳуни бомбардимон қилишдан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилишини айтганди, деб ёзади Wall Street Journal. Тўғри, ўша учрашувдаёқ АҚШ президенти битим истиқболларига шубҳа билан қараганди. Аммо ўшанда Трамп ҳамон Уиткоффга келишувга эришиш учун имконият беришга қатъий қарор қилган эди, деб ёзади газета.
NYT маълумотига кўра, ҳужум муқаррирлиги Америка маъмуриятига маълум бўлгач, Оқ уй эскалацияга қандай реакция кўрсатиш ҳақида ўйлай бошлаган. Вашингтонда бир неча вариантлар бор эди: бир томондан, можарога аралашмаслик ва Исроилнинг зарбалари Эронни қанчалик заифлаштиришини кузатиш; бошқа томондан, АҚШ Теҳрондаги режимни алмаштириш мақсадида ҳам зарба беришга қўшилиши мумкин эди. Трамп муроса йўлини танлади ва АҚШ Исроилга разведка томондан ёрдам кўрсатиши, кейин эса Эронга зудлик билан ён беришни талаб қилган ҳолда босим ўтказиши бўйича қарорга келди.
Чиндан ҳам, Исроил кампанияси бошланган илк кунларда Трамп келишув тузишга чақириқларини фақат кучайтирди, аммо энди унинг бундай чақириқлари кучли позициядан туриб янграрди. Теҳронга мурожаатларида у агар Эрон раҳбарияти дипломатик келишувга рози бўлмайдиган бўлса, мамлакат ядровий инфратузилмасидан «ҳеч нарса қолмаслиги»ни айтарди.
Jerusalem Post маълумотига кўра, ҳафта бошида ҳам Трамп мамлакат раҳбарларига энг оғир шартларга рози бўлишни талаб қилган ҳолда Эронга келишув бўйича «сўнгги таклиф»ни беришни режалаштираётганди. Бу таклиф уранни ҳатто илмий мақсадларда бойитишдан ҳам бош тортишни кўзда тутарди. WSJ ва Reuters маълумотига кўра, норасмий каналлар орқали музокараларни давом эттиришга тайёрлиги ҳақида сигналлар узатган Эрон бу шартларни қабул қилиб бўлмас шартлар деб ҳисоблаган.
16 июн куни кечқурун Трамп кутилмаганда Канададаги G7 саммитини тарк этди ва буни Яқин Шарқдаги уруш билан изоҳлади. Буни, шунингдек, Теҳрон аҳолисини эвакуация қилишга чақирувни кўплаб оммавий ахборот воситалари ва экспертлар АҚШ президенти можарода бевосита иштирок этиш ҳақида жиддий ўйлаётгани белгиси сифатида қабул қилди.
ABC News ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Трампнинг риторикаси кучайганига қарамай, америкалик дипломатлар ҳамон Эронни музокаралар столига ўтқазиш мумкинлигига ишонмоқда. Агар Теҳрон олий даражадаги учрашувга тайёр бўлса, унга Уиткофф билан АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам юборилиши мумкин.
Шу билан бирга, канал суҳбатдошлари Трамп бор эътиборини Исроил ҳужумларига қаратган ва АҚШга «зудлик билан жавоб бера олмаётган» Эродан «ҳафсаласи пир бўлгани»ни айтмоқда. Америка президенти ўзининг куч ишлатиш билан таҳдидлари сафсата сифатида қабул қилинишидан хавотирда.

Фото: Chip Somodevilla/Getty Images
АҚШнинг Эронга қарши урушдаги иштироки нимага олиб келади?
АҚШ Эрон билан урушга кириш-кирмаслиги масаласи унинг президентлиги давридаги энг муҳим масалалардан бири бўлиши мумкин, дея қайд этади Washington Post.
Агар Трамп Эрон етакчилари ён беришига эришса ёки Эрон ядро дастурини (куч билан ёки музокаралар орқали, бунинг фарқи йўқ) бекор қилса, шу билан бирга, Эрон томонидан «жиддий қасос» келиб чиқмаса, бу АҚШ ва шахсан Трамп учун муваффақият бўлади, деб ҳисоблайди газета. Аммо вазиятни баҳолашдаги хатолар АҚШни хавфли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган можарога тортиши мумкин.
АҚШнинг Исроил ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий урушга қўшилиши билан боғлиқ кескинлик аллақачон Республикачилар партияси, жумладан, одатда Доналд Трампни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган унинг энг консерватив қаноти ичида сезиларли келишмовчиликларга олиб келди. Хусусан, 17 июн куни консерватив конгрессмен Томас Месси Трампнинг Конгресс рухсатисиз уруш бошлаш имкониятини тўсишга уринаётган демократлар гуруҳи билан бирлашди. Улар Вакиллар палатасига АҚШ президенти Эронга ҳар қандай зарба беришдан олдин қонун чиқарувчиларнинг рухсатини олиши керак бўлган қонун лойиҳасини киритди. Бошқа республикачи-консерваторларнинг бир қисми (сенаторлар ҳам) эса, аксинча, ҳарбий чораларни қўллаб-қувватлайди.
Ноаниқлик Трампнинг медиа соҳасидаги энг фаол тарафдорларидан бири – консерватив журналист Такер Карлсон билан зиддиятга боришига сабаб бўлди, у ўз подкастида эскалациядан қочишга чақирди. АҚШ президенти бунга жавобан уни «тентак» деб атаган. Трампнинг собиқ стратеги Стив Бэннон Карлсоннинг подкастида Эронга қарши урушда иштирок этиш Трампнинг сайлов коалициясини парчалаб юбориши ва маъмуриятни бошқа нарсалардан, масалан, ноқонуний иммиграцияга қарши курашдан чалғитиши мумкинлигини айтди.
Доналд Трамп Оқ уйга АҚШнинг қудрати «барча урушларни тугатиш» имконини бериши ҳақидаги баёнотлар билан қайтганди. АҚШ президенти инаугурация нутқида «тинчликпарвар» сифатида ёдда қолишни исташини айтганди. Қишдаёқ у ўз олдига дунёдаги кескинликнинг учта манбайи: Россия ва Украина уруши, Исроилнинг Ҳамас билан уруши ва Эронда ядро қуролини ишлаб чиқишни ҳал қилишдек улкан вазифани қўйганди. Унинг президентлиги бошланганидан бери тўрт ойдан кўпроқ вақт ичида Вашингтон бу йўналишларнинг ҳеч бирида сезиларли ютуқларга эришмади.
«Менимча, Американинг ҳар қандай аралашуви минтақада жуда, жуда ёмон оқибатларга олиб келадиган умумий урушга сабаб бўлади», – деди Эрон ТИВ чоршанба куни Трампнинг мулоҳазалари ҳақидаги янгиликлардан сўнг. «АҚШнинг ҳарбий аралашувининг ҳар қандай шакли оқлаб бўлмайдиган зарар билан қарши олиниши шубҳасиз», – деди Эрон олий раҳбари Али Хоминаий.
Американинг нуфузли RAND маркази таҳлилчилари фикрича, Исроил ҳарбий амалиётининг муваффақияти қисқа муддатда Эрон таҳдидини камайтириши мумкин. Узоқ муддатли истиқболда эса хатарлар фақат юқори бўлади.
«Вашингтон бир-бирига зид вазифалар ўртасида мувозанат излаши керак бўлади – бир томондан, Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик керак, бошқа томондан – АҚШни Яқин Шарқдаги яна бир можарога аралашишдан сақлаб қолиш керак. Ушбу инқироз сўнгги йигирма йил ичида Америка ташқи сиёсатидаги асосий дилеммалардан бирини яна бир бор ўртага чиқарди: бу Вашингтон ресурсларни бошқа йўналишларга йўналтиришга уринаётганда ҳам Яқин Шарқдаги таҳдидларга реакция кўрсатиш зарурати», – дейди марказ эксперти Мишел Гризе.
Карнеги жамғармасининг «Ядро сиёсати» дастури ҳамраиси Жеймс Эктоннинг сўзларига кўра, АҚШнинг аралашуви Эронда ядро қуроли яратилишининг «узоқ муддатга олдини олиши»га асос йўқ. «Бунинг ўрнига АҚШ Яқин Шарқда яна бир узоқ давом этадиган ва қонли можарога аралашиб қолиши мумкин», – дея хулоса қилади эксперт.
Исроилнинг АҚШдан Эрондаги амалиётда иштирок этишни талаб қилишининг асосий сабабларидан бири – ер остида жойлашган, уранни бойитиш ишлари амалга ошириладиган нуқталарга зарба бера оладиган қуроллари йўқлигидир. Бундай объектлардан бири Фордо заводи ҳисобланади – бу Эроннинг Натанздаги асосий заводидан кейин аҳамияти бўйича иккинчи ўринда турувчи уранни бойитиш заводи ҳисобланади.
У тоғ ёнбағрида қазиб қурилган ва қалинлиги тахминан 80 метрлик тупроқ ва турли жинслар қатлами остида жойлашган.
2023 йил мартида Халқаро атом энергетикаси агентлиги объектда 83,7 фоизгача бойитилган уран заррачаларини аниқлаган – бу деярли қурол синфига тўғри келади.
Объектга зарба бериш учун бункерларга қарши махсус бомбалар талаб этилади, унақаси эса Исроилда йўқ. Лекин бундай ўқ-дорилар АҚШда мавжуд.
Муаммо шундаки, Фордонинг йўқ қилиниши ҳам Эрон ядро дастурини тўхтатишини кафолатламайди – масалан, нуфузли Брукинг институти таҳлилчилари шу ҳақда ёзмоқда. Экспертларнинг баҳоларига кўра, агар бу лаборатория ва бошқа майдонлар ер юзидан супуриб ташланганида ҳам Эрон ядро дастурини қайта тиклаши учун кўпи билан икки йил етарли бўлади. Аммо бу ҳолда Теҳрон ўз атом ишланмаларини (ва уларнинг ўтказилиш жойларини) бутунлай махфийлаштиради ҳамда Халқаро атом энергетикаси агентлиги назорати истисно этилади. Бу эса ядровий объектларга қайта ва қайта зарба беришда давом этишни тақозо этади.
Исроилнинг кўплаб зарбалари муваффақиятли бўлганига қарамай, кўплаб таҳлилчилар АҚШ аралашувисиз Эроннинг ядровий ишланмалари масаласини ҳал қилиш қийин бўлишини тан олишади.
«Муаммо бугунги кунда аниқ ҳал этилмаган ва Эронда ядровий ишланмалар соҳасида катта сакраш қилиши хавфи ҳали ҳам жуда юқори, деб айтиш адолатдан бўлади. Айни пайтда, агар ҳеч нарса ўзгармаса, Эрон ядро дастурининг аҳволи ўша-ўша – яхшиланиш йўқ», – деди Колумбия университетининг ядровий қурол бўйича эксперти ва АҚШнинг Эрон бўйича махсус элчисининг собиқ ўринбосари Ричард Нефю.
Исроил расмийлари операция натижасида Эронда режим ўзгариши мумкинлигини очиқ айтмоқда. Америка расмийлари ҳозирча бундай сценарий ҳақида анча аниқ фикр билдирмоқда. CNN АҚШ аллақачон Эрон ишларига аралашиш бўйича муваффақиятсиз тажрибага эгалигини эслатади – бу Ислом инқилоби ва Эрон шоҳи ағдарилишига олиб келган омиллардан бирига айланганди.
Аммо АҚШнинг ҳаракатсизлиги ҳам муаммолар билан таҳдид солмоқда, деб огоҳлантиради WSJ муаллифлари. Газета АҚШ қўшинлари Афғонистондан тартибсиз олиб чиқилиши Жо Байденнинг президентлигига катта зарба бўлгани ва Америка тийиб туриш тизимига путур етказганини қайд этади.
АҚШнинг Исроилга Эрон ядровий дастурини йўқ қилишда ёрдам беришдан бош тортиши Америка манфаатларига зарар етказиши мумкин, дея огоҳлантиради WSJ: масалан, буни Хитой можаро юзага келган тақдирда Вашингтон Тайванни ҳимоя қилмайди деб тушунади.
«Бутун дунё жаноб Трамп қандай муносабат билдиришини диққат билан кузатмоқда – айниқса, бу Москвадаги ва Пекиндагиларга тегишли. У яқин иттифоқчисига тинчлигига глобал таҳдидни бартараф этиш ва АҚШ рақиблари „ўқи“ иштирокчиларидан бирини заифлаштиришга ёрдам берадими? Ёки радикал режим қўлидаги ядро қуролидан кўра куч ишлатишдан кўпроқ қўрқадиган америкалик тинчликпарварларнинг овозига қулоқ тутадими?» – деб ёзади газета.
Мавзуга оид

20:25
Европа давлатлари Эрон билан Исроилни тинчлантиришга ҳаракат қилади

14:15
«Трамп зерикиб қолмаслиги» учун НАТО саммит дастурини қисқартирди

13:43
Исроил Эрон кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётганини маълум қилди

12:11