Ўзбекистон | 16:02 / 19.05.2025
1237
2 дақиқада ўқилади

Президентга қурилиш материаллари тармоғидаги режалар тақдимот қилинди

Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни қурилиш материаллари саноатидаги ишлар ва асосий вазифаларга оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, йил якунигача 2,4 миллиард долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.

Тақдимотда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларга эришиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.

Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини таъкидлади. Замонавий технологияларни жорий этиб, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, бунёдкорлик ишларида улардан кенгроқ фойдаланиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Президент геология ва илмга катта эътибор қаратиб, ички ва ташқи бозорлар учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлади. Энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишларни таҳлил қилиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш муҳимлиги қайд этилди.

Ўтган йили тармоқдаги йирик корхоналар энергия аудитидан ўтказилганда 300 миллион киловатт соат иқтисод қилиш имконияти аниқланган. Бундай корхоналарда технологияни янгилаш ҳамда иш тартибини оқилона ташкил этиш орқали харажатларни камайтириш мумкинлиги айтилди.

«Шаффоф қурилиш» платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат назоратини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид