Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Маҳалламиз буни кўтара олмайди”: фуқаролар Uchtepa City'нинг 16 қават бўлишига қарши
Учтепа туманидаги салкам 1 гектар жой аввалига автотураргоҳ қуриш учун ажратилган эди. Лекин кейин, лойиҳа бир юмалаб 5 қаватли, яна бир думалаб 16 қаватли “дом” лойиҳасига айланди. 5 қаватгача уй қуришга рухсат олинганига қарамай, ундан юқоридаги қаватлар учун ҳам хонадонлар сотуви олиб борилган. Kun.uz гаплашган фуқароларга кўра, маҳалла инфратузилмаси бундай юкламани кўтара олмайди.

Kun.uz'га Тошкент шаҳри Учтепа тумани Боғобод маҳалласидан мурожаат келиб тушди: маҳалла аҳли 5 қаватли турар жой деб рухсатнома берилган жойга 16 қаватли уй қуриш ҳаракатларидан норози.
Суриштирувимизга кўра, 2018 йилда Учтепа туманининг собиқ ҳокими Шавкатбек Эргашев 96 сотих ер майдонини “Elegant Avto Servis” МЖЧга ажратиб берган. Қарорда фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан, кўп қаватли автотураргоҳ қуриш белгиланган. Кейинчалик, ер майдони “Great Vertex” МЧЖга ўтган ва жамият 2019 йилда объектни ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома олган. 2023 йил 23 июн куни 5 қаватли турар жой мажмуаси учун Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасидан ижобий хулоса тақдим этилган.
1 йил ўтар-ўтмас у ерда қурилиш ишлари бошланган. Бир муддат ўтиб, Great Vertex мажмуани баландроқ қилиб қуришга қарор қилган: 2 та 16 қаватли ва 3 та 8 қаватли бинолар лойиҳаси ишлаб чиқилган. 2025 йил февралида Қурилиш вазирлиги бу янги лойиҳа пойтахт бош режасига зид ва автотураргоҳлар ҳисобга олинмаган деб, уни рад этган. Шундай бўлса-да, қурилиш ишларининг дастлабки босқичи фаол олиб борилган.
Қурилиш инспекцияси объектда кўп марта ўрганишлар ўтказиб, қурилиш-монтаж жараёнларида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилинмаганини аниқлаган. Айрим ишларда тасдиқланган лойиҳа ечимларига зид ҳаракатлар кузатилган: еростига қараб 1,5 метр ковлаш белгиланган бўлса, 2,5 метргача қазилган. Инспекция жами 13 марта назорат тадбири ўтказган ва 12 та ёзма кўрсатма берган. Талаблар бажарилмагач, буюртмачи “Great Vertex” МЧЖнинг мансабдори МЖтКнинг 99-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
“Агар лойиҳадан четга чиқилса, судга даъво аризалари киритилади. Ҳозирда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган. Жараён устидан қатъий назорат ўрнатилган”, – дейилади инспекция Kun.uz'га тақдим этган ахборотда.
Шунга қарамай, аҳоли вакиллари 16 қаватли уй қурилишидан хавотирда.
“Маҳалламизда лойиҳа бўйича 5 қаватли иморат қурилиши керак эди. Лекин 16 қават иморат қуриляпти. Маҳалламиз бунга қарши. Эртага газ, электр энергияси таъминотига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, мана бу ерда мактабимиз бор, ўқувчиларга салбий таъсир қилиши мумкин”, – дейди Элмурод Йўлдошев.
“16 қават бўлган тақдирда камида 3000-4000 аҳоли келиши мумкин. 1500-2000 та автоулови бўлади. Мана шу краннинг тоши яқинда тушиб кетди. Тушиб кетгандан бери болаларимни кўчага чиқармайман”, – дейди Лазиз Қудратов.
Яна бир фуқаро Аваз Абдуваҳобовга кўра, маҳалладан бир гуруҳ фуқаролар Uchtepa Сity'нинг сотув офисига боришганида, 16-қаватлик лойиҳанинг юқори қаватлари учун сотув кетаётгани маълум бўлган.
“Ўзи инфраструктура етарли эмас. 700 га яқин хонадон турган бўлса, машина чиқиб кетадиган жой йўқ бу ерда. Мана шу ердан йўл олиниши керак эди, йўл қурилмади. Ҳозирги йўл тор, машиналар ўтиши учун бир-бирини кутиб туради. Бирор жойга боришда маҳалладан чиқиб олишимизнинг ўзига анча вақт кетиб қолади”, – дейди у.

Аваз Абдуваҳобов қурилиш учун маҳаллий аҳолини чалғитган ҳолда рухсат олинганини даъво қилди.
“Розилиги ҳақида қўл қўйган фуқароларнинг биттаси ҳам йўқ. Биттасининг Россияга кетганига 2 йил бўлган экан. Бир кичик информация бор, булар розилик олиш учун қайсидир масканда 100 кишилик ош беришган экан. Кейин кам таъминланганларга 1-1,5 килодан гўшт тарқатишган экан. Шундан кейин, уларга “гўшт олдингми, қўл қўй” дейишган. Улар гўшт олганимга қўл қўйяпман деб ўйлашган”, – дейди фуқаро.
Kun.uz'га тақдим этилган бир шартномада, қурувчи мижозга 12-қаватдан хонадон сотгани кўринади. 5-қаватдан юқори қаватларда жойлашиши режа қилинган, лекин рухсат олинмаган хонадонларнинг нечтаси сотилгани маълум эмас.
Бошқа бир фуқаро улушдор сифатида 8-қаватдан 2 хонали уйга 17 млн 860 минг сўм тўлаган. Бироқ баҳсли масалалардан кейин, пулини қайтариб олган.
Қурилиш вазирлиги лойиҳани тасдиқламаган бўлса, нега 16 қаватли уйлар ижтимоий тармоқларда реклама қилинди? Ҳозиргача 5 дан юқори қаватларга нечта одам шартнома тузди, уларнинг пуллари қайтариладими? Биз шу каби саволлар билан Uchtepa City'нинг сотув офисига бориб, офис ёпиқ эканига гувоҳ бўлдик. Кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилганимизда, оператор ҳозир фақат 5-қаватгача шартнома борлигини, сотув офиси электр йўқлиги туфайли онлайн ишлаётганини айтди.
Кўп ўтмай, фирма раҳбари Зафар Асадов биз билан суҳбатда Қурилиш вазирлиги феврал ойидаги лойиҳани рад этганини, ҳозирда лойиҳа тасдиқланишини кутаётганини айтди, тафсилотларни очиқламади. “Ҳали 1-қават ҳам кўтарилмаган, нима муаммо?” – дейди у.
Аввалроқ, худди шу жойда бир нечта заранг дарахтлари кесиб ташлангани ҳақида репортаж тайёрлаган эдик.
Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz
Мавзуга оид

11:56
Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди (видео)

14:47 / 09.07.2025
Фарҳод кўчасидаги автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида жиноий гуруҳ аъзолари ушланди

09:05 / 09.07.2025
Ироқда сақланаётган ноёб асар Тошкентда намойиш этилиши мумкин

19:36 / 08.07.2025