Жаҳон | 21:04 / 02.05.2025
11109
8 дақиқада ўқилади

Қорабоғ ҳақида кутилмаган баёнот. Эрон ўз ўқидан чиқиб кетдими?

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Озарбойжонга ташриф буюриб, Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказди ҳамда Қорабоғни Озарбойжоннинг ажралмас қисми деб атади. Доим ҳам илиқ бўлмаган икки давлат муносабатларида бурилиш юз бериши мумкин. Пизишкиённинг илк хорижий ташрифларини Марказий Осиё ва Кавказга йўналтириши — Теҳроннинг минтақавий куч мувозанатидаги ўрнини қайта белгилашга уриниш бўлиши мумкин. Бокудаги учрашувда Эрон раҳбарияти Исроил ва Арманистон масаласидаги анъанавий риторикасидан ҳам тийилди. “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан озарбойжонлик сиёсатшунос Самир Ҳумбатов ва профессор Фарҳод Каримов фикр билдирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Дастлаб мавзуга содда ва умумий назар ташласак, Пизишкиён Бокуга нега борди, томонлар бир бирига нималарни таклиф қилишди?

Фарҳод Каримов: Масъуд Пизишкиён Россияга борганда ҳам айнан транспорт-логистика масалаларини муҳокама қилган эди.

Озарбойжонга сафар ҳам Эроннинг иқтисодий зўриқишларини юмшатиш ва шу мақсадда Боку билан маълум даражада келишувларга эришиш эди.

Расмий Теҳрон учун “Шимол жануб транспорт йўлаги” жуда муҳим. Озарбойжон билан айнан ушбу масалани ҳал қилиш керак эди. Ундан ташқари узоқ йиллардан буён аросатда қолаётган “Решт-Астара темирйўл” чизиғини охиригача етказиш масаласи бор, чунки бу темирйўлак бўғини айнан Озарбойжон ҳудудидан ўтади.

Эрон ҳозирги кунда ўзининг геосиёсий амбицияларини четга суриб, асосий иқтисодий масалаларни ҳал қилишга киришди. Шунга ҳам олдинги ҳеч қайси бир Эрон раҳбарлари эълон қилмаган гапларини эшитдик. У ҳам бўлса, Қорабоғ масаласида доимий эҳтиёткор бўлган Эрон президенти матбуотга берган интервюсида Озарбойжон Қорабоғнинг ҳуқуқий эгаси эканини тан олди ва бу борада ўз позициясини билдирди.

Озарбойжонга қилинган ташриф Эрон учун асосан иқтисодий ҳамкорлик ва иқтисодий масалани ҳал қилишга қаратилган экан, Теҳрон Бокуга нима қилди деган савол ҳам бор. Биринчи навбатда муаммоли бўлган “Арас коридори” масаласини таклиф қилди. Биламизки, Озарбойжон Наҳичивонга чиқадиган йўлда ўртада бир қатор Эрон орқали ўтадиган нуқталар бор эди.

Бундан ташқари бу музокараларда медицина, фармацевтика ва ўша Эронни қийнаётган ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқалар билан боғлиқлиги бўлган масалаларни Озарбойжон орқали ҳал қилиш ва минтақада геосиёсий вазиятнинг ўзгарганини, минтақада Туркиянинг таъсири ошиши сабаб Озарбойжон орқали мулоқот масаласини ҳам қўйди. Асосий мақсади бугун геосиёсий амбициялар эмас, фақатгина иқтисодий ҳамкорлик сезилди.

Учрашув давомида Эрон билан Исроил муносабатлари ёки Арманистон масаласи алоҳида кўтарилмади.

Яъни Эрон бугун ўзининг иқтисодий-ижтимоий муаммолари билан кўпроқ шуғулланмоқчи, айрим геосиёсий амбициялардан бироз чекинмоқчига ўхшайди ва бу, албатта, яқин келажакда минтақадаги геосиёсий вазиятларга таъсир қилади. Ҳаттоки Эрон-АҚШ ва Эрон Ғарб-Европа давлатларидаги муносабатларга ҳам бундай ёндашув жиддий таъсир қилади.

Самир Ҳумбатов: Эрон президенти Масъуд Пизишкиённинг Озарбойжонга ташрифи икки давлат ўртасида уч йилдан ортиқ давом этаётган совуқ муносабатларнинг илиқлашиши учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Албатта, охирги уч йилга назар ташлайдиган бўлсак, Эроннинг Озарбойжонга нисбатан сиёсати дўстона, холис эмаслигини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат икки томонлама муносабатларда ҳам, минтақавий муносабатларда ҳам анча мураккаб вазиятларни юзага келтирди.

Масъуд Пизишкиённинг ўзи ҳам отаси томондан Туркияга ташриф давомида берилган баёнотлар ва имзоланган ҳужжатлар Эрон-Озарбойжон муносабатларида яқин келажакда янги давр бошланиши мумкинлигини кўрсатади. Албатта, муносабатларни нормаллаштириш осон жараён эмас. Шу нуқтайи назардан қараганда, қарийб 2 йил аввал Теҳрондаги Озарбойжон элчихонасига террорчилик ҳужуми уюштирилган ва ўшанда Озарбойжон элчихонаси ходими шаҳид бўлган, шу фонда Эрон Озарбойжон билан чегарада ҳарбий машғулотлар ўтказган эди. Эрон Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги урушдан сўнг айрим сепаратист гуруҳлар билан боғлиқ низолар ҳам мавжуд эди.

Ўйлайманки, буларнинг барчаси бизнинг муносабатларимизга соя солди. Аммо энди Масъуд Пизишкиённинг Озарбойжонга сафари ва баёнотлари икки томонлама муносабатларнинг қайта тикланиши учун шароит яратиши мумкин. Хабарингиз бор, Исроил-Озарбойжон муносабатлари энг юқори даражада, яқинда Исроил бош вазири Нетаняҳу Озарбойжонга ташриф буюради.

Айни пайтда Арманистон ва Эрон ўртасида юқори даражадаги алоқалар мавжуд ва бундай муносабатларга эга бўлиш биз учун ёқимли эмас. Бу муносабатларда Эроннинг Арманистонни қўллаб-қувватлаши ва Арманистон чегарасининг биз учун қизил чизиқ бўлиши каби баёнотлари ҳам биз учун номақбулдир. Чунки бир вақтлар Озарбойжон ерлари Арманистон томонидан босиб олинганда Эрон томони жим турди ва ҳеч қандай овоз чиқармаганди. Шу билан бирга, Эрон томонидан амалга оширилган босим натижасида Арманистон Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Зангизор йўлаги борасида маълум қадамлар ташлашдан бош тортди. Бу эса Озарбойжон ва Эрон ўртасига совуқчилик солганини ҳам айтиш керак. Энди ўйлайманки, бу вақт барча воқеаларни ўзгартиради.

Пизишкиён Раисийдан фарқли равишда сафарни беталафот якунлади, кези келганда бир тўхтаб ўтсак. Эроннинг марҳум президенти Иброҳим Раисий ва амалдаги раҳбарнинг Озарбойжонга сафаридаги келишувлари ўртасида қандай фарқлар сезилди?

Самир Ҳумбатов: Масъуд Пизишкиённинг отаси томондан туркий ҳисобланади, унинг ташриф давомида берилган баёнотлари ва имзоланган ҳужжатлар Эрон-Озарбойжон муносабатларида яқин келажакда янги давр бошланиши мумкинлигини кўрсатади. Масъуд Пизишкиён консерватив эмас, балки ислоҳотчи, яъни бироз либерал ёндашувлар мавжуд бўлган шахс сифатида намоён бўлиши Эрон-Озарбойжон муносабатларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Берилган тушунтиришлар ва унинг шахсий яқинлашуви бу борада катта имкониятларни очиб беради ва биз Масъуд Пизишкиённи Иброҳим Раисийдан фарқли равишда Озарбойжон билан алоқа ўрнатишдан кўпроқ манфаатдор бўлган ва келажакда қандайдир қадамлар ташлаши ҳамда Эроннинг Озарбойжон билан алоқалари манфаатларини янада ошириши мумкин бўлган шахс сифатида белгилашимиз мумкин.

Пизишкиён экспедицияси давомида Эрон ва Озарбойжон ўртасида баъзи иқтисодий ва логистика шартномалари имзоланди. Бу келишувларнинг аксарияти ҳам Эрон, ҳам Озарбойжоннинг келажакдаги иқтисодий ва ташқи сиёсий манфаатлари учун жуда муҳим. Биламизки, Эрон бугунги кунда санкциялар фонида иқтисодий жиҳатдан жуда оғир даврни бошдан кечирмоқда.

Эрон Миллий банкининг Озарбойжондаги ваколатхонаси фаолияти қайта тикланиши икки томонлама муносабатларга катта ҳисса қўшади. Менимча, бу ҳам Пизишкиённинг шахсий ёндашувлари ва бу ҳам Эроннинг ўзгараётган ташқи сиёсатидан дарак беради.

Шимол-Жануб транспорт йўлаги – Москва билан имзоланган келишувлар фонида Озарбойжон бу йўналишда муҳим транзит ҳалқага айланиши мумкин. Пизишкиён айнан бу йўналишда Бокуда ҳам конкрет ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқаётган кўринади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид