Жаҳон | 01:01
2393
2 дақиқада ўқилади

Урумчида Ўзбекистон—Хитой иқтисодий форуми бўлиб ўтди

Форумда бош вазир Абдулла Арипов, ўзбекистонлик 250 дан ортиқ йирик тадбиркорлар, шунингдек, вилоятлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. 

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

30 апрел куни Урумчи шаҳрида Ўзбекистон—Хитой иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Унинг очилишида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.

Абдулла Арипов ўз нутқида Ўзбекистон делегацияси таркибида 250 дан ортиқ йирик тадбиркорлар, шунингдек, Андижон, Тошкент, Фарғона, Сирдарё, ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарлари ҳамда вакиллари ҳам Урумчига ташриф буюрганини таъкидлади. 

Қайд этилишича, ўтган даврда ялпи ички маҳсулот ҳажми икки баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошган. Келгуси беш йилда ушбу кўрсаткични 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Сўнгги йилларда мамлакатда 70 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағи ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинган. Келгуси беш йилда «яшил» энергия манбаларининг энергетикадаги улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Шунингдек, Ўзбекистон—Хитой иқтисодий форуми доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари раҳбарлари ва вакиллари «B2B» шаклда ҳам музокаралар олиб борди.

Хитойга ташриф доирасида Хитойнинг China General Nuclear Power, Sichuan Jiuzhou Investment Holding Group, Xinjiang Lihua Group, Хитой Тўқимачилик маҳсулотлари импорти ва экспорти палатаси, Shanghai Oriental Credits Industrial Development, Longze Investment Group, Watchman Group PTE, Пекин технологиялар университети, Электротехника савдо палатаси, Хитой Чарм ассоциацияси сингари қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид