Жаҳон | 11:25
2533
2 дақиқада ўқилади

Исроилда йирик ўрмон ёнғинлари давом этмоқда

Исроилдаги ёнғинлар сабабли Мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирлар бекор қилинди. Полиция версиялардан бири сифатида ўт қўйиш вариантини текширмоқда.

Фото: REUTERS/Ronen Zvulun

Исроилда мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан режалаштирилган барча тадбирлар йирик ўрмон ёнғинлари туфайли бекор қилинди, деб хабар қилди Исроил ёнғин ва қутқарув хизмати 30 апрель, чоршанба куни. Қабул қилинган қарор оммавий йиғилишлар хавфсизлигини таъминлашнинг иложи йўқлиги билан боғлиқ.

Исроил бир қатор давлатлардан халқаро ёрдам сўраган. Ўт ўчириш самолётлари ва қутқарувчилар аллақачон Греция, Италия ва Хорватия томонидан юборилган. Фаластин миллий маъмурияти ҳам ўз ёрдамини таклиф қилди.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, ёнғинни ўчириш учун 12 та самолёт, юздан ортиқ ўт ўчириш бригадалари ва ҳарбий хизматчилар сафарбар этилган. Ҳозирда эвакуация ишлари олиб борилмоқда ва бир қатор аҳоли пунктларини эҳтимолий эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Мамлакатнинг асосий магистраль йўли тўсиб қўйилган.

30 апрель куни эрталаб Қуддус тоғларидаги Месилат Цион аҳоли пункти яқинидаги Эштаол ўрмонида кучли ёнғин содир бўлди. Ёнғин ва қутқарув хизмати «Ёнғин зарбаси» режимида ишламоқда. Ушбу режим вазият устидан назоратни йўқотиш хавфи мавжуд бўлганда эълон қилинади.

Полиция ўт қўйилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Уларни уюштирганликда гумон қилиниб, аллақачон бир киши қўлга олинган.

Ўт ўчирувчилар одамлардан Байт Шемеш ва Қуддуснинг баъзи ҳудудларидан узоқроқ бўлишни сўрамоқда.

Мавзуга оид