Жаҳон | 23:44 / 30.04.2025
3603
4 дақиқада ўқилади

Исроилда ўрмон ёнғинлари авж олди. Қатор аҳоли пунктлари эвакуация қилинди, асосий магистрал йўл ёпилди — фотолар

Қуддус яқинида юзага келган ўрмон ёнғинлари сабаб Исроилда таҳдиднинг энг юқори даражаси эълон қилинди. Мамлакатда поездлар қатнови қисман тўхтатилди, ёнғинни ўчиришга юздан очиқ бригадалар, шунингдек, самолёт ва вертолётлар жалб этилган.

Фото: AP

Исроилда 30 апрел куни бошланган ўрмон ёнғинлари туфайли марказий ва жанубий туманлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Элъад шаҳрининг шарқий қисмига таҳдид солаётган ёнғинлар туфайли қисман эвакуация амалга оширилди. Қуддус яқинида эса бир қанча ёнғинлар кузатилмоқда.

Мамлакатдаги йўлларнинг бир қисми ёпилди. Улар орасида Тел-Авив ва Қуддусни боғлаб турувчи Шоссе 1 — Исроилнинг асосий автомагистрали ҳам бор. Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар ҳайдовчиларни эвакуация қилди. Шунингдек, айримлар машиналарни йўл бўйига ташлаб, оловдан қочмоқда. Исроил темирйўллари Бен-Гурион аэропортидан Қуддус ва Ашдодга, шунингдек, Қуддус ва Модиъин ўртасидаги поэздлар қатновини тўхтатган.

Исроил миллий тиббиёт хизмати ёнғин оқибатида Қуддуснинг тоғли ҳудудларидан камида 13 киши шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Улар орасида икки нафар ҳомиладор аёл ва икки чақалоқ ҳам бор. Жабрланганларнинг асосий қисми куйган ёки ис газидан заҳарланган. Яна 10 киши тез ёрдам хизмати шифокорларига мурожаат қилган, бироқ улар шифохонага ётқизилмаган.

Ёнғинларни ўчиришга 119 та ўт ўчириш бригадаси, 10 та самолёт ва вертолёт жалб этилган. Оловга қарши курашда, шунингдек, полиция, ҳарбийлар ва волонтёрлар ҳам иштирок этмоқда. Исроил ҳукумати камида олтита давлат — Греция, Болгария, Хорватия, Италия ва Кипрдан ёрдам сўраган. Ёрдам кучлари 1 май куни етиб келиши кутилмоқда. Шунингдек, бошқа давлатлардан ҳам ёрдам олиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ёнғин бўлаётган ҳудудларга йўл олган. Бутун мамлакат бўйлаб Мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар бекор қилинди.

Қуддус ёнғин-қутқарув хизмати раҳбари Шмулик Фридманнинг маълум қилишича, бу Исроил тарихидаги энг йирик ёнғинга айланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Месилат-Цион ҳудудидан бошланган ёнғин шамол сабаб ғарбга тарқалган, кейин эса йўналишини ўзгартирган ва шарқ томон ёйилишни бошлаган. Ўт ўчирувчилар кечаси шамол тезлиги сониясига 25-28 метрга етишини кутмоқда. Иссиқ об-ҳаво шароити ҳам вазиятни қийинлаштиряпти.

«Айни вақтда ёнғин нима сабабдан келиб чиққанини билмаймиз, бизда ҳеч қандай тахмин йўқ ва бу билан ҳозир шуғулланмаяпмиз», — дейди Фридман.

Ёнғинларнинг баъзилари қасддан уюштирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. The Jerusalem Post’нинг ёзишича, ҲАМАСъга алоқадор Telegram каналлар Қуддус ва Ғарбий Соҳилда ёнғинлар уюштиришга чақирувлар тарқатган. N12 телеканалининг маълумотларига кўра, Қуддус атрофидаги ўрмонларда ва Исроилнинг марказий ҳудудларида ёнғин чиқарганликда гумон қилинган уч киши қўлга олинган.

Полиция Шарқий Қуддусда яшовчи 50 ёшли эркакни қўлга олганини маълум қилган — у ёнғин чиқарганликда гумон қилиняпти. Унинг ёнидан зажигалка, пахта ва «осон аланганадиган материаллар» топилган.

Исроилнинг умумий хавфсизлик хизмати ШАБАК Қуддус атрофидаги ёнғинлар бўйича терговда иштирок этмоқда ва бу ёнғинларга сабаб бўлган шахсларни аниқлашда полицияга ёрдам беряпти.

Мавзуга оид