Жаҳон | 11:16
2821
2 дақиқада ўқилади

Россия суди генерал Москаликни ўлдиришда айбланаётган шахсни ҳибсга олди

Терактда айбланган Игнат Кузин салкам икки ойга ҳибсга олинди. Россия Тергов қўмитаси у Балашихада генерал Ярослав Москаликнинг ўлдирилишида айбини тўлиқ тан олганини даъво қилмоқда.

Фото: Москва умумий юрисдикция судлари / ТАСС

Москванинг Басманний суди терговчиларнинг илтимосномасини қаноатлантириб, генерал-лейтенант Ярослав Москаликни ўлдиришда айбланаётган Игнат Кузинни дастлабки ҳибсга олишга ҳукм қилди. Бу ҳақда 27 апрел, якшанба куни Москва умумий юрисдикция судлари ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси матбуот хизматлари хабар берди.

Суд хулосасида айтилишича, Кузин 1 ой-у 30 кун муддатга пойтахт тергов изоляторига юборилган. Унга терроризм, ноқонуний савдо ва портловчи моддалар ва портловчи мосламалар ишлаб чиқариш айбловлари қўйилган.

Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг айтишича, судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Тергов маълумотларига кўра, у Украина Хавфсизлик хизматига 18 минг АҚШ долларига ёлланган.

Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Ярослав Москалик 25 апрел куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида ўз уйидан чиқиб кетаётиб, ўша пайтда портлаган машина ёнидан ўтиб кетаётганда вафот этди. У портлаш содир бўлган ҳовлидаги уйда яшаган. Эртаси куни  Федерал хавфсизлик хизмати ҳарбийнинг ўлдирилишида гумонланувчининг қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Россияда ва Украинанинг Россия Федерацияси томонидан босиб олинган ҳудудларида россиялик ҳарбий хизматчилар ва мансабдор шахсларга суиқасд уринишлари мунтазам равишда содир бўлади. Украина разведка хизматлари ҳеч қачон улар учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган, лекин баъзида оммавий ахборот воситалари орқали уларга алоқадорлигини тасдиқлаган.

Мавзуга оид