Жаҳон | 22:55 / 21.04.2025
3084
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Муз океанидаги музликлар майдони тарихдаги минимал даражага етди

Япония аэрокосмик агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, ушбу кўрсаткич 2010 йилдан бери барқарор равишда камайиб келмоқда.

Фото: Reuters

2025 йилда Шимолий Муз океанидаги Арктика музликларининг максимал майдони 13,79 миллион метр квадратни ташкил этди. Япония аэрокосмик агентлиги (JAXA) ушбу кўрсаткични 20 март куни қайд этди.

Таъкидланишича, бу сунъий йўлдош кузатувлари тарихидаги энг минимал кўрсаткич ҳисобланади.

«Арктика денгиз музликлари майдонининг қисқариши — бу глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳодиса ва унинг келажакда об-ҳаво ҳамда денгиз муҳитига таъсир кўрсатиш хавфи бор, шунинг учун келгусида доимий мониторинг ва маълумотларни таҳлил қилиш талаб этилади», — дейилади JAXA хабарида.

Артика музликлари майдони ҳар йили қишки даврда — октябрдан мартга қадар ошади. Япония аэрокосмик агентлиги тақдим этган жадвалда эса ушбу кўрсаткич 2010 йилдан бери барқарор равишда камайиб келаётгани тасвирланган.

Музликлар майдонини ўлчаш ишлари 1979 йилда бошланган. Бунда SHIZUKU бортига ўрнатилган микротўлқинли сканерлаш радиометри 2 (AMSP2) фойдаланилган. Жорий йилда JAXA иқлим ўзгаришини таҳлил қилиш мақсадида иссиқхона газлари ва намлик кўрсаткичларини кузатиш учун GOSAT-GW сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Швеция ва Норвегиядаги музликлар мисли кўрилмаган тезликда эриётгани тўғрисида хабар берилганди. Олимлар бу ҳолатни бевосита иқлим ўзгариши, атмосферанинг ифлосланиши ва иссиқхона газлари сабаб юзага келаётган глобал исиш билан боғламоқда.

Маълумот учун, феврал ойи бошида Арктика ва Антарктидадаги муз қопламининг умумий майдони 16,04 миллион квадрат километрни ташкил этган — бу 1979 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Мавзуга оид