Скандинавия музликлари шиддат билан эриётгани маълум қилинди
Аномал иссиқлик туфайли ўтган йили Скандинавия музликлари ўртача 1,8 метрга қисқарган — бу эса тарихий меъёрлардан анча юқори кўрсаткичдир.

Фото: AP
Швеция ва Норвегиядаги музликлар мисли кўрилмаган тезликда эримоқда. Олимлар бу ҳолатни бевосита иқлим ўзгариши, атмосферанинг ифлосланиши ва иссиқхона газлари сабаб юзага келаётган глобал исиш билан боғлаяпти.
«Коперник» Европа иқлимни кузатиш хизмати маълумотларига кўра, 2024 йил Европа тарихидаги энг иссиқ йил бўлган. Аномал иссиқлик туфайли Скандинавия музликлари ўртача 1,8 метрга қисқарган — бу эса тарихий меъёрлардан анча юқори кўрсаткичдир.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар ҳозирги тенденция давом этса, музликларнинг катта қисми яқин ўн йилликлар ичида йўқолиб кетади.
«Биз бу кичик музли чўққиларни асрашимиз керак. Улар инсонлар учун ниҳоятда муҳим — энергетика, қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти, ҳамма нарса учун! Тоғлар экологияси бутунлай шу сувнинг қандай йиғилиши ва сарфланишига боғлиқ,» — дея тушунтиради музликлар бўйича швециялик мутахассис Эрик Ҳусс.
«Август ойида Корсагласиренга борганимизда, олд қисми бутунлай қулаганини кўриб, ҳайратга тушдим. Ичимни оғриқ қамраб олди, кўзларимга ёш келди. Қандай қилиб у бунчалик тез емирилиши мумкин эди?», — дейди мутахассис.
Жорий йилда ёғингарчилик кўп бўлиб, музликлар эришини вақтинчалик секинлаштирган бўлсада, мутахассислар бу ҳолатга алданмасликка чақирмоқда.
«Энг муҳими — бу қорли қишни хавф йўқ бўлди дея қабул қилмаслик. Узоқ муддатда бу аҳамиятга эга эмас. Швециядаги музликлар қисқаришда давом этади», — дейди профессор Нина Кирхнер.
Музликларнинг эриши табиий иқлим циклининг бир қисми бўлсада, бу жараённинг юқори суръати экотизимларга мослашиш имконини бермаяпти. Жаҳон метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер юзидаги ичимлик сувининг 70 фоизи айнан музликлар ва қор қопламидан келиб чиқади. Бу манбалар қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика ва ичимлик суви таъминоти учун ҳаётий аҳамиятга эга.
Дунё бўйлаб 275 мингдан ортиқ музлик мавжуд бўлиб, улар тахминан 700 минг километр квадрат майдонни эгаллаган. Уларда 170 минг километр кубга яқин муз сақланади. Музликлар нафақат сув манбаи, балки ўзига хос «вақт капсулалари»дир — улар иқлим, экотизимлар ва инсон фаолияти тарихини ўзида сақлайди.
Маълумот учун, феврал ойи бошида Арктика ва Антарктидадаги муз қопламининг умумий майдони 16,04 миллион квадрат километрни ташкил этган — бу 1979 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
Мавзуга оид

14:55 / 16.04.2025
Швеция кабеллар қасддан узилгани бўйича ҳеч қандай далил топмади

00:24 / 09.04.2025
Музларнинг тез эриши Арктикадаги геосиёсий пойгани тезлаштирмоқда — Financial Times

20:22 / 04.04.2025
Жанубий океаннинг исиши Ғарбий соҳилда нам об-ҳавони юзага келтиради — олимлар

02:18 / 04.04.2025