Ўзбекистон | 09:04 / 18.04.2025
2752
3 дақиқада ўқилади

40 млрд сўмлик кучли таъсир қилувчи моддани олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди

Андижон вилоятида кучли таъсир қилувчи моддаларни республика ҳудудига олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди. 

Божхона қўмитаси маълум қилишича, “Дўстлик” чегара-божхона пости орқали мунтазам равишда тижорат мақсадидаги товарларини гўёки шахсий эҳтиёж учун олиб ўтадиган 3 нафар фуқаро 9 кг бўлган 3 дона кир ювиш кукунини чегара-божхона постидан олиб ўтаётган вақтида тўхтатилди

Мазкур товарлар божхона кўригидан ўтказилди. Натижада кир ювиш кукуни қадоғи муқаддам очилгани ва унинг ичига аслида прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси жойлангани фош бўлди.

Прегабалинни қабул қилиб олувчи шахсга етказаётган йўловчи ҳам Оҳангарон туманида қўлга олинди. Унинг ёнида 27 кг оғирликдаги 9 дона кир ювиш кукунига ҳам кучли таъсир қилувчи моддалар аралашгани аниқланди.

Ушбу кучли таъсир қилувчи моддалар Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги хонадонлардан бирига келтирилиши керак бўлган. Шубҳа остига олинган шахснинг ушбу туманда ижарада яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда яширин нарколаборатория ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётгани аниқланди. 

Хусусан, кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида турли жиҳозлар, хом ашё ва бўш капсулалар борлиги аниқланди.

Шу билан бирга, ушбу ҳолатнинг эртаси куни “Дўстлик” чегара-божхона постида айнан ушбу лабораторияга етказилиши керак бўлган 20 кг оғирликдаги 2 номдаги кир ювиш кукуни қадоқларига жойланган кучли таъсир қилувчи моддаларнинг навбатдаги партияси ҳам қўлга олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар якунида жами оғирлиги 56 кг ни ташкил қилувчи 16 дона кир ювиш кукуни қадоқларига солинган кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди. Шундан 45 кг ни прегабалин моддаси ташкил этган.

Маълумот учун, 1 кг прегабалин моддасини 33 минг капсулага тақсимлаш мумкин. Ушбу ҳолатда салкам 1,5 млн дона капсулага етарли кучли таъсир қилувчи моддалар тарқаб кетилишининг олди олинган. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қора бозордаги нархи 40 млрд сўмни ташкил қилади. Ҳозирда жами оғирлиги 45 кг прегабалин моддаси далилий ашё сифатида олиниб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид