Шомуродов «Рома»ни қутқарди, «Ливерпул» ютқазди. Кун ўйинлари
Элдор «Ювентус»га қарши учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ҳусанов яна захирада қолди, «Сити» «МЮ»ни енга олмади ва ЕЧЛ учун курашда ортда қолмоқда. АПЛни тарк этган илк жамоа номи маълум. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images
Англия: «Ливерпул»да ноқулай рақиб
«Фулҳэм» — «Ливерпул» 3:2
Голлар: Сессенон (23), Ивоби (32), Муниз (37) — Мак Аллистер (14), Диас (72).
«Фулҳэм» — Лено, Кастан, Андерсен Бэсси, Робинсон, Лукич (Рид, 76), Берг, Сессенон (Траоре, 82), Перейра (Смит-Роу, 76), Ивоби (Тете, 82), Муниз (Ҳименес, 76).
«Ливерпул» — Келлеҳер, Жонс, ван Дейк, Конате (Брэдли, 67), Робертсон (Киеза, 83), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Салоҳ, Собослаи (Эллиот, 55), Гакпо (Диас, 55), Жота (Диас, 66).
Огоҳлантиришлар: Лукич (46), Смит-Роу (86), Лено (90+5).
«Ливерпул» футболчилари диққатини максимал даражада жамлаши қийин бўлмоқда. Қизиллар Чемпионлар лигасидан ҳам, миллий кубок турнирларидан ҳам эрта чиқиб кетган, чемпионатда эса иккинчи ўрин билан фарқ жуда катта. Турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчидан 11 очко олдинда кетаётганда жамоа бўшашиши табиий, қолаверса, тур ўйинини бир кун олдин ўтказган «Арсенал» ҳам очко йўқотганди («Эвертон» билан дуранг), «Фулҳэм»га қарши ўйинда эса Мак Аллистернинг узоқ масофадан тўққизликка аниқ йўлланган зарбаси билан тезкор гол урилди.
Лекин шундан кейин фаворитлар учун даҳшатли ўн беш дақиқалик рўй берди. Аввалига Жонснинг жарима майдони ичидаги хатосидан кейин тўп Сессенонга келиб тушди ва у яқин масофадан дарвозани «ўққа тутди». Кейин Ивоби рикошет ёрдамида жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди, «Ливерпул» мудофаасидаги навбатдаги хато эса одатда захирадан тушиб гол урадиган Родриго Мунизнинг биринчи бўлимдаёқ гол уришига олиб келди. Бу қизиллар АПЛ ўйинларида ҳисобда олдинга чиқиб олганидан кейин танаффусгача учта гол ўтказиб юбориши билан боғлиқ илк ҳолат бўлди. Меҳмонлар иккинчи бўлимда тинимсиз ҳужум уюштирганига қарамай, фақат Луис Диас гол уришга муваффақ бўлди. Эллиотнинг зарбаси тўсинга текканида эса мерсисайдликлар мағлубиятсиз сериясини 26 турга узайтириши учун сўнгги имкониятдан ҳам фойдалана олмади. Слот шогирдлари сентябр ойидан буён илк бор мағлубиятга учради.
«Фулҳэм» эса «Ливерпул» учун ноқулай рақибга айланиб бормоқда. Қизиллар сўнгги тўрт ўзаро ўйиндан иккитасида дуранг ўйнаб, бир марта ютқазди. Бу мавсумда ҳозирча фақат «Фулҳэм» ва «Ноттингҳэм» бўлажак чемпионлардан тўрт очко тортиб олишга муваффақ бўлди. Ҳолбуки сўнгги йилларгача ўзаро ўйинларда «Ливерпул» мутлақ фаворит бўлиб келган, лондонликлар «Крэйвен Коттеж»да бу рақибни 2011 йилдан буён енга олмаётганди. Эндиликда 48 очко билан саккизинчи ўринда бораётган Марку Силва шогирдлари очколарининг тенг ярмини 1-10-ўринлардаги жамоаларга қарши ўйинларда қўлга киритгани ҳам жамоанинг бу мавсуми ҳақида кўп нарсани кўрсатиб турибди.
«Тоттенҳэм» — «Саутҳэмптон» 3:1
Голлар: Жонсон (13, 42), Тел (90+5, пеналти) — Фернандеш (90+1).
«Тоттенҳэм» — Викарио, Порро, Ромеро, Дэвис, Спенс, Бергвалл (Грей, 80), Бентанкур (Сарр, 57), Мэддисон (Биссума, 80), Жонсон, Соланке (Тел, 87), Сон (Одобер, 57).
«Саутҳэмптон» — Рамсдэйл, Уокер-Питерс, Беднарек, Мэннинг (Веллингтон, 64) Ҳарвуд-Беллис, Угочукву (Стюарт, 83), Арибо (Смолбон, 64), Диблинг (Сугавара, 73), Фернандеш, Сулемана, Арчер (Онуачу, 73).
Огоҳлантиришлар: Угочукву (26), Порро (60).
Ўтган мавсум чемпионшипдан элитага кўтарилган «авлиёлар» яна ортга қайтиб кетиши куздаёқ аён бўлганди. «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ҳам иложсиз кўринган жамоа Жонсоннинг биринчи бўлимдаги дублидан кейин тақдирга тан берди ва чемпионат якунланишига 7 тур қолганида чемпионшипга тушиб кетиши расман тасдиқланди.
Жамоа мавсум давомида фақат икки ўйинда ғалаба қозонди ва 4 бор дуранг ўйнаб, 23 ўйинда мағлубиятга учради. Тўплар нисбати 23-74. Агар мавсум охиригача бошқа очко олинмаса, Иван Юрич шогирдлари «АПЛнинг энг ёмон жамоаси» мақомини 2007/08 йиллар мавсумини 11 очко билан якунлаган «Дерби Каунти»дан бу мақомни тортиб олади. Энди жанубликлар қолган турларда «Астон Вилла», «Вест Ҳэм», «Фулҳэм», «Лестер», «Сити», «Эвертон» ва «Арсенал»га қарши ўйинларда бунга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишади.
«Брентфорд» — «Челси» 0:0
«Брентфорд» — Флеккен, Айер (Кайоде, 83), Коллинз, ван ден Берг, Люис-Поттер, Нёргор, Ярмолюк (Янелт, 66), Мбеумо, Дамсгор (Йенсен, 83), Шаде, Висса.
«Челси» — Санчес, Гюсто, Чалоба, Адарабиойо, Жеймс (Кукуреля, 77), Кайседо, Фернандес, Мадуэке (Нету, 59), Дюзбери-Ҳолл (Палмер, 59), Санчо, Нкунку (Жексон, 46).
Огоҳлантиришлар: Гюсто (26), Адарабиойо (45), ван ден Берг (77), Фернандес (87).
«Челси» ҳафтани турлича ўтказди. Бир томондан, кўклар икки ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлади, аммо дербида «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалаба (1:0) ортидан «Брентфорд» билан нурсиз дуранг қайд этилди. Лекин ўйинда яратилган вазиятларга қаралса, Энцо Мареска жамоаси ғалабадан кўра мағлубиятга яқинроқ эди. Санчес бир неча вазиятда жамоасини қутқарди, жумладан ўзи билан яккама-якка вазиятга чиқиб келган Дамсгорнинг таҳдидини бартараф этди. Ўйин охирларида эса «асаларилар» дарвозабон ҳудудидан зарба бериб ҳам гол ура олишмади. Олинган бир очко «Челси»га ҳамон турнир жадвалида «Манчестер Сити»дан юқорида, ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўринда қолиш учун етарли бўлди, учинчи ўриндаги «Ноттингҳэм» эса бу турда ютқазганига қарамай тўрт очколик фарқ билан олдинда.
«Манчестер Юнайтед» — «Манчестер Сити» 0:0
«Манчестер Юнайтед» — Онана, Далот, Мазравий, Магуайр (Линделёф, 58), Йоро, Доргу, Каземиро, Фернандеш, Угарте (Маунт, 71), Гарначо, Ҳойлунд (Зиркзе, 71).
«Манчеcтер Сити» — Эдерсон, Нунеш, Гвардиол, Диаш, О'Райли (Люис, 74), Ковачич, Гундўған (Грилиш, 74), Силва, де Брюйне, Мармуш, Фоден (Доку, 58).
Огоҳлантиришлар: Диаш (1), Силва (46), Далот (67), Маунт (75), Йоро (84).
Манчестер дербиси — АПЛда сўнгги ўн йилликнинг асосий брендларидан эди. Б жамоаларнинг ўзаро учрашуви «қизил иблислар»нинг улкан муаммоларига қарамай, ўтган мавсумда ҳам катта ажиотаж келтириб чиқарарди. Аммо ҳозир вазият бошқача, қўшниларнинг иккиси ҳам оғир кунларни бошдан кечирмоқда.
Жамоаларнинг олдидаги вазифалар оддийроқ: «Сити» Чемпионлар лигасига йўлланма олишдан умид қилмоқда (имкониятлар ёмон эмас), «Юнайтед» эса бу ҳақда фақат орзу қилиши мумкин — жамоа мавсумни турнир жадвалининг дастлабки ўнлигида якунлаши ҳам қийин масала. Шунинг учун, учрашув кўпроқ АПЛнинг икки ўртамиёна жамоаси учрашуви мақомига келиб қолган.
«Шаҳарликлар» сўнгги вақтларда ўзига келмоқда, аммо кенг кўламли қайта қуришга тайёрланмоқда. Масалан, жамоанинг сўнгги ўн йилликдаги асосий футболчиси бўлган Кевин Де Брюйне ёзда жамоани тарк этади. Белгиялик яримҳимоячи «МЮ» билан ўйиннинг бошланғич таркибидан ўрин олди, лекин «Сити» ҳужумидаги асосий куч — Ҳоланд йўқлигида унинг узатмаларидан фойдаланадиган футболчи йўқ. Фил Фоден, Мармуш ва Бернарду ҳам ажойиб ижрочилар, аммо бутун тизим яхши ишламаётганида улар ёрқин ўйин кўрсата олмайди. Гвардиола барча чизиқлар бўйлаб тажрибалар ўтказишда давом этмоқда — бу ўйинда ҳам ёш ва тажрибасиз Абдуқодир Ҳусанов захирада қолдирилиб, Йошко Гвардиолни мудофаа марказига қўйди (Стоунз, Аке ва Аканжи йўқлигида мажбурий чора), сўнгги ўйинларда ўзини кўрсатган Нико О'Райли эса чап қанот ҳимоясида тушди.
«Юнайтед» эса жароҳат туфайли сафдан чиққан Мартинес, Диалло, Шоу ва Эванссиз мавсумни якунлаб қўйиши керак, қолаверса, де Лиҳт ҳам тикланишга улгармаган, шундай экан, ўйин учун танланган таркиб оптималдан йироқ эди. Жамоада айниқса майдон марказида креатив етишмаяпти, Каземиро — Угарте боғлами эса — бунёдкорлик эмас, кўпроқ бузғунчиликка қаратилган.
Бундай йўқотишлар ўйин сифатига таъсир кўрсатиши табиий эди. Манкунианликлар илк дақиқадаёқ жарима зарбаси ишлашди, аммо Брунунинг зарбаси жонли девордан ўтмади. Мезбонлар асосан Доргунинг чап қанотида фаоллик кўрсатишди, аммо бўлим давомида эътиборга арзигулик ҳужумлар кўп бўлмади — фақат Далотнинг узатмасидан кейин Гарначода юзага келган вазиятни эслаш мумкин, аммо аргентиналик вингер хавфли зонада туриб керакли даражада зарба беролмади.
«Сити» футболчилари одатдаги каби ўйиннинг кўп вақти давомида тўпга эгалик қилишди, фақат иш хавфли вазиятларгача етиб бормади. «Шаҳарликлар»нинг ҳужумлари кўп ҳолларда узоқ масофадан йўлланган зарбалар билан якунланди — аммо Фоден, Де Брюйне ва Гундўғаннинг уринишлари муваффақиятсиз чиқди. Мармушда яхши вазият бўлди, аммо мисрлик ҳужумчининг зарбасини Магуайр тўсиб қолди.
Иккинчи бўлим бироз интенсив ва қизиқарлироқ тус олди. Танаффусдан кейин Фоден ҳисобни очиш учун ажойиб имкониятга эга бўлганди, аммо Мазравий тўп йўлига ташланди. Кейинги 20 дақиқа давомида Онана ҳам ўзини кўрсатишига тўғри келди — «МЮ» посбони Мармушнинг стандартдан йўллаган хавфли зарбасини қайтарди, кейин эса қанотдан берилган хавфли узатмага чиқиб борди.
Эдерсон эса деярли бутун ўйин давомида ишсиз ўтирди, аммо керакли паллада қаҳрамонлик кўрсатиб, иккинчи бўлимда майдонга тушган Зиркзеенинг тўсин остига кетаётган зарбасини қайтариб қолди. Шунингдек, Ковачич ва Каземиронинг жарима майдонидаги тўқнашувидан кейин «Юнайтед» футболчилари пеналти сўрашди, вазият баҳсли эди, аммо ҳакам видеотакрорни кўриш учун бормади.
Охирги ўн дақиқада «МЮ» штурм уюштиришга уриниб кўрди, аммо олдинги 80 дақиқада бўлгани каби бунга кучи етмади. 2017 йил апрелидан буён илк бор 0:0 ҳисобида якунланган ушбу дербидаги яққол кўриниб турган жиҳат - икки жамоанинг ҳам кучсизлигидир. Ўйинда ҳар икки жамоанинг нақадар ёмон аҳволда экани кўринди. Мухлислар ҳам ўйин тезроқ тугашини кутишди. Бу дурангдан кейин «Сити» кучли тўртликка кириб олиш имкониятини йўқотди, «МЮ» эса 13-ўринда қолди.
Испания: «Атлетик» фойдасига ноллар
«Севиля» – «Атлетико» 1:2
Голлар: Агуме 7 – Алварес 25 (пен), Барриос 90+3.
«Атлетико»: Облак, Молина (Галан, 46), Ле Норман, Лангле, Аспиликуета (Коке, 55), Симеоне (Рикелме, 68), Лоренте, Барриос, Галлаҳер (Лемар, 78), Алварес, Гризман (Сёрлот, 56).
Огоҳлантириш: Симеоне 51, Лангле 57, Ле Норман 85, Калас 90+6, Сёрлот 90+6.
«Рамон Санчес Писхуан»даги ўйин якунланганида «Атлетико» мухлислари ўтган турлардаги очко йўқотишларни афсус билан эслашгани табиий. Сўнгги турлардаги муваффақиятсизликдан кейин мадридликлар амалда чемпионлик пойгасини тарк этганди. Агар ўша ўйинлардаги йўқотишлар бўлмаганида пешқадамларнинг бу турдаги қоқилишлари («Реал» ютқазди, «Барселона» ўз уйида дуранг ўйнади) қизил-оқларни пойгага қайтарган бўларди.
«Матрасчилар» жиддий рақибга қарши сифатли ўйин ўтказишди. Биринчидан, характер кўрсатиб, иродали ғалабага эришилди, биринчи бўлим ўрталарида Галлаҳер жарима майдонида йиқитилгач белгиланган пеналтини Алварес бенуқсон ижро этди. Иккинчидан, Пабло Барриос ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини уриб, жамоага хос анъана ҳақида эслатиб қўйди. Бу «Атлетико» жорий мавсумда бешинчи бор 90-дақиқадан кейин ғалаба голини уриши бўлди. Аммо бу ғалабадан кейин ҳам биринчи ўриндаги «Барса» билан орадаги фарқ етти очкони ташкил этмоқда.
«Вилярреал» — «Атлетик» 0:0
«Вилярреал» — Луиз, Фойт, Фемения, Коста (Камбвала, 78), Кардона (Педраса, 77), Бюкенен (Пино, 57), Комесаня, Парехо (Гуйе, 63), Баэна, Барри, Перес (Морено, 57).
«Атлетик» — Симон, Берчиче (Боиро, 35), Паредес (Нуниез, 73), Вивиан, Горосабел, Прадос (Гомес, Жаурегизар, Н.Уилямс (Сансет, 63), Гомес (Беренгиер, 64), И.Уилямс, Гурусета (Саннади, 73).
Бу ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун курашдаги муҳим ўйин бўлди. Ўйин бошланиши арафасида турнир жадвалидаги қўшнилар бўлган «Атлетик» ва «Вилярреал»ни олти очко ажратиб турганди (аммо «сариқ субмариналар»да «Эспанол»га қарши қолдирилган ўйин ҳам бор). Ўйиннинг аҳамияти — жуда катта эди, бу эса томошабопликка таъсир кўрсатмай қолмади. Жамоалар курашга асосий эътиборни қаратишди ва вазиятлар жуда кам бўлди. Агар биринчи бўлим охирида ака-ука Уилямслар ўз вазиятларидан фойдалана олганида, ўйин бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Пинанинг зарбасидан кейин тўп барибир дарвоза тўрига бориб тушганида эса, вазиятга VAR аралашиб, тўп мезбонларнинг бошқа футболчисининг қўлига текканини кўрсатди. Ўйин охирида эса захирадан тушган Гуйе қизил карточка олиб, «Вилярреал»ни қийин аҳволга солиб қўйди. Бу стратегик дуранг қаторасига уч турда ўз дарвозасини сақлаган ва олти бўлимда битта гол урган «Атлетик» фойдасига бўлди — энг яқин таъқибчи билан олти очколик фарқ сақлаб қолинди.
Италия: «Аталанта» инқирозда
«Аталанта» — «Лацио» 0:1
Гол: Исаксен (54).
«Аталанта» — Карнезекки, Жимсити, Ҳин, Колашинац, Белланова, де Рон, Эдерсон (Брешианини, 78), Заппакоста, Куадрадо (де Кетеларе, 58), Лукман (Самаржич, 74), Ретеги (Малдини, 75).
«Лацио» — Мандас, Лаззари, Хила, Жиго (Провсгаард, 68), Тавареш (Пеллегрини, 34), Белаҳиан, Ровелла, Чауна, Деле-Баширу, Заккани (Нослин, 69), Диа (Весино, 84).
Огоҳлантиришлар: Ровелла (40), Колашинац (77), Лаззари (87).
Ўтган турда Флоренцияда ютқазгач, «Аталанта» амалда скудетто учун курашдан чиқиб кетганди. Қаторасига учинчи ўйинда гол урмасдан ютқазиш (2014 йилдан буён энг ёмон серия) бергамоликларнинг Чемпионлар лигаси истиқболларини ҳам хавф остида қолдирди. Душанба куни «Болоня» ўз уйида «Наполи» устидан ғалаба қозонадиган бўлса, учинчи ўринни тортиб олиши мумкин. Ҳозирча эса «Лацио» Жан Пиеро Гасперини жамоаси билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди, бу ўйинда ҳам Хиннинг қўпол хатоси жамоани қийин ҳолатга солди. Олдинги турда ҳам ушбу ҳимоячи «Фиорентина» тўпурари Мойзе Кинга гол совға қилганди. Энди — ўз жамоадошини тепиб йиқитди ва ҳал қилувчи гол муаллифи Исаксенга ассистентлик қилган Деле-Баширга ета олмади. «Лацио» учун бу оғир ҳафталар олдидан муҳим ғалаба бўлди, Марко Барони жамоасини Европа Лигаси чоракфиналида «Буде-Глимт»га қарши ўйинлар, улар орасида — «Рома» билан дерби кутмоқда.
«Рома» — «Ювентус» 1:1
Гол: Шомуродов 49 — Локателли 40.
«Рома» — Свилар, Манчини, Ҳуммелс (Шомуродов, 46), Ндика, Челик (Нелссон, 72), Коне, Кристанте (Паредес, 61), Анхелинио, Соуле, Ал-Шаъровий (Гурна-Дуат, 61), Довбик (Балданзи, 85).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Вейга, Келли, Маккенни, Локателли (Савона, 76), Тюрам, Веа (Камбияссо, 68), Гонсалес (Копмейнерс, 69), Йилдиз, Влаҳович (Коло-Муани, 68).
Римдаги ўйин турнинг марказий учрашуви мақомини тўла оқлади. Тиагу Мотта Игор Тюдорга алмаштирилгач, кўтаринки руҳда ўйнай бошлаган «Ювентус» биринчи бўлимни кучли ўтказди. Туринликлар соддароқ, лекин аниқроқ ўйнашмоқда. Ҳисобни очувчи голдан олдинроқ Нико Гонсалеснинг бош билан тўсин остига йўллаган зарбасини Свилар қайтариб юборди. Мезбонлар сафида эса Ал-Шаъровийнинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди.
Калюлюни биринчи бўлим қаҳрамони дейиш мумкин. Бянконериларнинг ушбу ҳимоячиси аввалига Кристантенинг яқин масофадан йўллаган зарбаси йўлига ўзини отди, унинг ҳужумга қўшилиши эса Локателлининг голи билан якунланди. Аммо Клаудио Раниери «Рома»нинг 15 учрашувлик мағлубиятсиз серияси (сўнгги етти учрашувдаги ғалаба серия) ниманинг ҳисобига эканини эслаб қолди. Иккинчи бўлимда «бўрилар» сафида ҳимоячи Ҳуммелс ўрнига ҳужумчи Элдор Шомуродов майдонга тушди ва ҳисобни тенглаштирувчи голни урди.
Ўзбекистонлик форвард ўтмишда «Каляри»да ҳам ўзига устозлик қилган Раниерининг ишончини оқлашда давом этмоқда. У жамоага келганидан кейин майдонга туша бошлаган футболчи йил бошидан буён барча турнирлар доирасида 6 (4+2) самарали балл ишлади ва бир неча бор, жумладан, туринликларга қарши ўйинда ҳам энг яхши футболчи деб топилди. Аммо дуранг натижа икки томонни ҳам қониқтирмайди. «Ювентус» — айни вақтда бешинчи ўринда ва ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда ортда қолмоқда, «Рома» эса — асосий еврокубокларга йўлланма бермайдиган еттинчи ўринда қолмоқда ва дерби арафасида «Лацио» билан тенглашиб ололмади.
Мавзуга оид

14:40 / 07.04.2025
«Пахтакор» «Сўғдиёна»га ҳам ютқазди, «Бунёдкор» биринчи ўринда

12:41 / 06.04.2025
«Реал» ҳам, «Барса» ҳам чемпионлик пойгасида қоқилди. Кун ўйинлари

16:52 / 04.04.2025
Де Брюйне «Сити»дан кетаётганини эълон қилди

11:23 / 02.04.2025