2024-2025 йиллар қиши кам ёғингарчилик билан ўтди – Ўзгидромет
2024-2025 йиллар қиш мавсумининг ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлди. Бироқ қиш фаслларининг исиши бўйича узоқ муддатли тенденция давом этяпти. Ёғингарчилик меъёрий қийматлардан 40-70 фоиз кам бўлган.

Фото: Kun.uz
Ўзгидромет хизмати 2024-2025 йиллар қишда қандай об-ҳаво кузатилгани бўйича якуний таҳлилларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ўтган қиш мавсумининг ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлган.
Ўтган қишнинг энг совуқ ойи декабр ойи бўлиб, ҳарорат меъёрдан 1-2,5 даражага совуқроқ, республика шимолида ва чўл ҳудудларида меъёр атрофида бўлган.
Январ эса декабр ойига нисбатан илиқроқ келиб, ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 0,5-1 даражага, шимолда 2-3 даражага юқори бўлди.
Феврал ойининг ҳарорат тартиби иқлим меъёрига яқин бўлиб, фақат Фарғона водийси ҳудудларида ойнинг ўртача ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 1,5-2 даражага юқори бўлган. Шунга қарамай, қиш фаслларининг исиши бўйича узоқ муддатли тенденция давом этмоқда.
2024-2025 йиллардаги қиш мавсуми давомида илиқ тўлқинлар ва совуқ тўлқинлар ўрни алмашгани кузатилган. Бундай ҳолат кўп такрорланади. Республика ҳудудининг катта қисмида энг кучли совуқлар декабр ойида, шимолда эса феврал ойида ҳам кузатилди. Совуқ энг кучли бўлган кунларда ҳаво ҳарорати 8-13 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилоятининг шимолида 15-18 даража совуққача, жанубда 3-8 даража совуққача пасайди.
Қишнинг илиқ кунларида ҳаво ҳарорати 12-17 даража илиққача, феврал ойи учинчи ўн кунлигининг бошида эса 18-21 даража илиққача, жанубда 23-24 даража илиққача кўтарилган.
Ўтган қишнинг ўзига хос хусусияти – қиш фаслининг 3 ойида ҳам ёғингарчилик тақчиллиги кузатилганида бўлган. Ўзбекистоннинг катта қисмида ёғингарчилик миқдори меъёрий ёғиннинг 40-70 фоизини ташкил этди, Фарғона водийси вилоятларида меъёрдан 40 фоиз кам бўлди. Фақат ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган энг қурғоқчил ҳудудларда мавсумий ёғингарчилик миқдори меъёрга яқин бўлди.
Ўтган қиш мавсумида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида қайд этилди, айрим кунларда қорга айланиши кузатилди. Қиш ойларида ёғингарчилик тақчиллиги Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор тўпланишига таъсир қилди. Қиш охирига келиб, тоғлардаги қор қоплами баландлиги меъйорий қийматнинг фақат 40-60 фоизини ташкил этган.
Мавзуга оид

13:00 / 07.04.2025
Ҳафта ўртасида айрим ҳудудларда яна ёмғир ёғиши кутилмоқда

17:09 / 06.04.2025
«Ўзгидромет» янги ҳафта бошида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди

11:10 / 04.04.2025
Ҳафта охирида айрим жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда

22:24 / 03.04.2025