Аёллар дунёси | 10:43
719
3 дақиқада ўқилади

2025 йил мода ранглари — табиат, ҳиссиёт ва жасорат уйғунлигида

Бу йил мода оламида ранглар фақат кўзни қувонтирадиган эстетика учун эмас, балки инсон кайфияти ва энергиясига таъсирига кўра танланди. Дизайнерлар палитрага табиий тонлар, ёрқин акцентлар ва юмшоқ пастел рангларни қўшиб, кийим орқали шахсий ифода имкониятларини янада кенгайтирди.

Фото: iStock

Қуйида 2025 йил гардеробингизда бўлиши шарт бўлган асосий ранглар билан танишамиз.

Илиқ қаҳва ранги — йилнинг асосий ранг сояси

Ишонч ва хотиржамлик ҳиссини уйғотувчи илиқ қаҳва ранги 2025 йилдаги асосий тренд сифатида эътироф этилди. Универсал ранг бўлгани учун офис кийимларида ҳам, кундалик либосларда ҳам, кечки чиқишларда ҳам мукаммал танлов ҳисобланади. Бошқа нейтрал ёки ёрқин ранглар билан уйғунлашганда ўзига хос жило сақлайди.

Қизил — энергия ва жасорат тимсоли

Қизил ранг ҳар қандай образга куч ва жозиба бағишлайди. Ундан бутун либосда фойдаланиш шарт эмас — ҳатто кичик деталь сифатида ҳам образни жонлантиради. Масалан, оддий қора либосга қизил сумка ёки лаб бўёғи қўшиш кифоя. Психологлар қизилни етакчилик ва ўзини намойиш этиш рамзи сифатида таърифлайди.

Зумрад яшил — барқарорлик ва ҳашамат

Зумрад яшил ранг асрлар давомида бойлик ва обрў рамзи сифатида қабул қилинган. У инсонда ишонч ва хотиржамлик уйғотади. Расмий учрашувлар ёки тантанали маросимларда айни муддао. Тилларанг ёки қора билан уйғунлашганда янада замонавий ва қимматбаҳо кўринишга эга бўлади.

Апельсин — қуёш каби илиқ ва ҳаётий

Қуёш нурларидек ёрқин ва шодлик бағишловчи апельсин ранги баҳор ва ёз либосларида алоҳида ўрин тутади. Психологик жиҳатдан у ислоҳ қилувчи энергия ва ижобийликни фаоллаштиради.

Оч пушти — романтика ва нозиклик

Пастел пушти ранг кўзни чарчатмайди, барча ранглар билан уйғунлашади ва аёллик жозибасини нозик тарзда таъкидлайди. Бу ранг тинчлик ва самимият ҳиссини оширади, кундалик ҳаётда ёрқин эмас, бироқ таъсирчан образ яратади.

(Пастел ранглар – "тонлар" деб ҳам аталади, бу асл рангга оқ қўшиш орқали яратилган асосий ва иккиламчи рангларнинг юмшоқроқ версиялари ҳисобланади. Оч пушти, оч сариқ каби)

Сариёғ сариқ — қуёш ва оптимизм нафаси

Илиқ ва майин сариёғ сариқ инсон онгида қуёш ва ижобий кайфият билан боғланади. Ёзда у энг ёрқин образларни яратади, қишда эса илиқлик ҳиссини уйғотади.

2025 йил мода ранглари нафақат ташқи кўринишингизни, балки ички кайфиятингизни ҳам ўзгартиради. Табиий тонлар билан ёрқин акцентларни уйғунлаштириб, шахсий услубингизни янада бойитишингиз мумкин.

Мавзуга оид