Жаҳон | 20:55 / 22.07.2025
1287
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ишга боришни истамайдиганлар учун клиника очилди

Клиникада чарчоқ, ҳолдан тойиш, ҳиссий беқарорлик билан курашаётган ёки умуман ўз ишининг маъносизлигини ҳис қилаётган одамларга ёрдам берилади.

Фото: Shutterstock

Хитой шимолидаги Хэбей провинциясида ғайриоддий тиббий хизмат - «Ишга боришни истамасликни даволаш клиникаси» очилди. Унинг мақсади - иш билан боғлиқ хавотир ва депрессияга қарши курашиш.

Махсус тиббий хизмат Хитой ва Ғарб анъанавий тиббиётини бирлаштирди. Уни яратиш ғояси илгари ўз фарзандларини «Мактабга боришни истамаслик клиникаси»да «даволатган» ота-оналарга тегишли, деб ёзди South China Morning Post.

«Илгари болалар «Мактабга боришни ёқтирмайман» клиникасига борганида, баъзи ота-оналар ишга боришни хоҳламайдиган катталар учун ҳам шунга ўхшаш хизмат борми, деб сўрашарди», деди шифохонанинг уйқу ва психология бўлими директори ва клиника раҳбари Юэ Лимин.

Клиникада чарчоқ, ҳолдан тойиш, ҳиссий беқарорлик билан курашаётган ёки умуман ўз ишининг маъносизлигини ҳис қилаётган одамларга ёрдам берилади. Шифокор Юэ сўзларига кўра, бундай юзаки аломатлар кўпинча мураккаб психологик ёки ижтимоий омиллар туфайли юзага келади.

«Бизнинг мутахассис сифатидаги вазифамиз - сабабни аниқлаш, тизимли баҳолаш ва ташхис қўйиш, кейин эса даволаш ва қўллаб-қувватлашни таъминлашдир», деди у.

Ташхислаш жараёни беморларнинг умумий ҳиссий ҳолатини баҳолаш учун суҳбат ва гипертиреоз каби органик касалликларни истисно қилиш учун махсус текширувни ўз ичига олади. Кейин шифохона ҳар бир бемор учун индивидуал даволаш режасини ишлаб чиқади.

Таъкидланишича, клиника бутун мамлакат эътиборини тортган, аммо беморлар сони ҳали кўп эмас. Клиниканинг очилиши ҳақида хабар Хитой ижтимоий тармоқларида оммавий муҳокамалар ва ҳазилларга сабаб бўлди.

Мавзуга оид