Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Корея: Гапирилмайдиган ҳақиқатлар (2-қисм) | SUBYEKTIV
Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар 100 минг нафардан ошади. Улар орасида офис, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдиганлардан ташқари “Кореяга турмушга чиқаман”, “ўқишга бориб ҳам ишлайман” деб режа қилаётганлар охирги пайтларда кўпайиб боряпти. Ҳар ўн бешинчи юртдошимиз у ерларда ноқонуний муҳожир мақомида юрибди. Корея – имкониятми ёки иллюзия? Бу мамлакатда омад формуласини қандай тузиш керак? SUBYEKTIVʼда “Кальмар ўйини”. Ўйинда эса ўзбеклар! Ҳали айтилмаган ҳақиқатлар бу кўрсатувда юзага чиқади.
Улар ҳаётини ўзгартириш умидида Кореяга келишди. Кимдир орзу билан... Кимдир мажбуран... Бу ернинг ўз ўйин қоидалари бор... Ҳар бир кун — имтиҳон, ҳар бир қарор — ҳаёт-мамот масаласи, ҳар бир қадам — синов. Бугун Кореядаги 100 минглаб ўзбекистонликларнинг миссияси бир – ғолиб бўлиш... Қоидалар қаттиқ. Ғалаба эса камчиликники. Улардан ё ўрнак оламиз, ёки сабоқ чиқарамиз.
Ҳа, айтганча, билмаганлар учун бу Жанубий Корея ҳақидаги кўрсатувимизнинг навбатдаги қисми. Ҳужжатли фильмимизнинг олдинги сонида корейслар давлатидаги энг қашшоқ маҳаллалардан президент яшайдиган саройгача борган тарихий лаҳзаларимиз, таҳликали Шимолий Корея чегарасидан олинган эксклюзив кадрлар, бир кунлик ишларда ишлаб кўрганимиз, кореяликлардан олган интервьюларимиз, “кичик Ўзбекистон”га айланган маҳаллалар ва бошқа кўплаб маълумотлар билан бўлишган эдик. Бизни ҳурсанд қилгани – кўрсатув остидаги минглаб ижобий изоҳлар орасида ҳақиқий Кореяни очиб беролганимизни ёзишгани бўлди. Асл Жанубий Кореяни пушти кўзойнакларсиз кашф қилмоқчи бўлганларга 1-қисмни ҳам кўрмаса бўлмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Офис: кореялик куёвлар
Бир офис бор. Унинг эшиклари ортида “Кореяга эрга бериш” номидаги тижорат авжида. Харидор — кореялик эркак. Маҳсулот эса ўзбекистонлик қиз. Ҳар бир топилган келин учун куёвлар офисга 25–35 минг доллар қолдиради. Шарти – улар истаганидек қиз топиш. Номзодлар худди подшоҳга канизак танлагандек ўта шахсий гигиеник текширувларгача ўтишади. Уларга инсон эмас, товар сифатида қаралади.
“Хорижлик келинлар” совчилик жамияти Корея метроларида, медиасида ҳам кенг тарғиб қилинади. Бўлғуси куёвлар Корея орзуларидаги К-поп юлдузларидек йигитлар эмас, асосан, каттароқ ёшли, иқтисодий аҳволи ҳаминқадар бўлган эркаклар. Бу ҳақда кўрсатув давомида батафсил гаплашамиз. Яхшиси, бундай тақдирларни бошидан кечирганларнинг ўзлари гапириб берганлари маъқулроқ. Токи бошқа қизлар офис эшигини тақиллатиб боришдан олдин уларга ваъда қилинаётган ва асл ҳаёт иллюзиялари ўртасидаги фарқни англаб олишсин.
Сеулда кўп ўзбекистонликлар биладиган “Лаззат” кафесига овқатланиш учун борганимизда икки ўзбек талаба йигити шу кафедан иш сўраб келди. Кафе раҳбари Маҳмуд ака улардан корейс тили, ҳеч бўлмаса инглиз тилини билишларини сўради. Иккала йигит ҳам бирорта ҳам хорижий тилни билмаслигини айтишди. Тасаввур қилинг-а, бегона юртда тил билмасдан ўқиб юришибди. Шунинг учун ҳам ўзбек кафесининг эшигини тақиллатиб келишибди. Ҳаммаси кўз олдимизда бўлган воқеа. Афсуски, кафеда бўш иш ўрни йўқ эди. Талабалар бошқа жойдан арзон ҳақ эвазига қийин ишларда ишлашга ҳам рози.
Биз кўпинча “суриш керак” деймиз-у, “Сурмоқчи бўлган давлатимизга биз қанчалик керакмиз?” деган ҳақли саволни олдиндан ўзимизга бермаймиз. Азалдан ота-боболаримиз илмни шаҳардан шаҳарга юриб ўзлаштиришган. Бугунги замонда ҳам бутун дунёда ота-оналар болалари яхши таълим олишлари учун уларга катта сармоя тикишади. Энг қашшоқ оилалар ҳам, бойлар ҳам илм нажотда эканлиги ҳақидаги оддий формулани англаб етишган. Бу ер Корея ёки бошқа давлат эмас. Ўзимизнинг Тошкент. Кўп мактаб ёки боғча рекламаларида негадир зўр овқат берамиз, деб мақтанишади. Овқатданам энг муҳими сифатли таълим-ку, тўғрими? Мактаб ёшидаги фарзандингизни чет элга юборолмасангиз, чет элнинг ўзи сизнинг олдингизга келади.
Ноқонуний муҳожирлик
Улар ё пул топишлари керак, ёки Кореяни тарк этишлари шарт. Уларнинг ҳуқуқлари, соғлиги, ҳаёти ҳимояда эмас. Улар оиласининг тирикчилик манбаи, холос. Улар – ноқонуний муҳожирлар. Бугун Жанубий Кореядаги ҳар 14-15-ўзбекистонлик ноқонуний шаклда ишлаб юрибди. Бундай миграциядан хабардор ҳар қандай одам гапимни тасдиқлаши мумкин: уларга ҳар томонлама қийин. Шундай мақомдагилар билан суҳбатлашиб, айтадиганим шу бўлди: иложи бўлса, бу даражага тушиб қолманг. Яқинларингизга ёрдам қила олиш учун ҳам олдин ўзингиз соғлом, кучли ва пулдор бўлишингиз керак. Шу учун оиладан ҳам олдин бор сармоянгизни ўзингизга тикинг.
Раҳматилла ҳам бугун шундай муҳожирликда. У Кореяга ўқиш учун келиб, шартнома пулини тўлашда банкнинг хатоси билан ўқишдан қолиб кетади. Вақтида Ўзбекистонга қайтмасдан, ноқонуний мақомни танлайди. Шундан кейин Кореяда бошидан ўтганларини “Калмар ўйини”даги аёвсиз шартларга ўхшатади. Афсуслари кўплигидан ўзини тақдир ўйинларида қисман мағлуб санайди.
Аслида токи ҳаёт эканмиз, ҳеч қайсимизнинг синовимиз тугамайди. Муҳими, бу ўйинлардан доим ғолиб бўлиб чиқишимиз. Қолганини икки қисмли кўрсатувларимиз орқали томоша қилинг.
Муаллиф: Сардорбек Усмоний
Ҳаммуаллиф: Иброҳим Самадов
Тасвирчи, монтаж устаси: Муҳаммаджон Ғаниев
Ёрдамчи тасвирчилар: Зияддин Мамматжонов ва Бобурмирзо Анваров
Мавзуга оид

13:16 / 01.08.2025
Трамп Жанубий Корея билан савдо келишуви ҳақида эълон қилди

19:36 / 31.07.2025
Ватаннинг гўё бир парчаси: Кореядаги ўзбек маҳалласидан репортаж

20:16 / 18.07.2025
Ўзбекистон Жанубий Корея божхоначиларига 6 бош хизмат итини етказди

19:12 / 14.07.2025