Иқтисодиёт | 19:23 / 07.08.2025
1268
2 дақиқада ўқилади

Такси хизматлари бозори 7 ойда 5 трлн сўмдан ошди

2025 йилнинг 7 ойида Ўзбекистонда такси агрегаторлари томонидан 262 млн марта йўловчи ташиш амалга оширилган. Ўртача битта чек 19 минг 77 сўмни ташкил этади. Ҳисобот даврида 1,8 минг ҳайдовчи 100 млн сўмдан ортиқ даромад олган. Cobalt энг оммабоп машина.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда расмий такси бозори айланмаси йилнинг дастлабки 7 ойида 5 трлн сўмдан ошди, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси.

2025 йилнинг январ-июль ойларида 215 та такси агрегатори солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Ушбу даврда жами 262,2 млн марта йўловчи ташиш амалга оширилган. 5 трлн сўмлик айланманинг 3,6 трлн сўми ёки 72,2 фоизи нақд тўловлар, 1,4 трлн сўм ёки 27,8 фоизи нақдсиз тўловларга тўғри келади.

Ўртача битта чек 19 минг 77 сўмни ташкил этди (2024 йилда 18 456 сўм). Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 457,3 мингга яқин ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар шуғулланмоқда.

Ҳайдовчиларнинг 56,3 фоизини 30−50 ёшдаги шахслар (257 629 киши) ташкил этади. 30 ёшгача бўлганлар 36,3 фоизни (166 207 киши), 50 ёшдан катталар эса 7,3 фоизни (33 477 киши) ташкил қилган. Агрегаторлар орқали 3 480 нафар аёл фаолият юритяпти.

7 ой давомида такси хизмати кўрсатган 1,8 минг ҳайдовчи 100 млн сўмдан ортиқ даромад олди:

  • 50−100 млн сўм — 19,1 минг ҳайдовчи;
  • 10−50 млн сўм — 113,7 минг ҳайдовчи;
  • 5−10 млн сўм — 59,4 минг ҳайдовчи;
  • 1−5 млн сўм — 122,8 минг ҳайдовчи;
  • 1 млн сўмгача — 140,2 минг ҳайдовчи.

Энг кўп фойдаланилаётган автомобиллар:

  • Cobalt — 23,5 фоиз;
  • Nexia — 21,5 фоиз;
  • Lacetti — 16,9 фоиз.

Электромобилларнинг улуши 1,8 фоизни ташкил этган.

Автомобилларнинг ёши (ишлаб чиқарилган йилига асосланган):

  • 1 йилгача — 2,1 фоиз;
  • 1−3 йил — 16,4 фоиз;
  • 3−5 йил — 42,5 фоиз;
  • 5−10 йил — 11,3 фоиз;
  • 10 йилдан ортиқ — 27,7 фоиз.

7 ой давомида агрегаторлар томонидан 98,8 млрд сўм солиқ тўланган бўлиб, шундан 55,4 млрд сўми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни ташкил этади.

Мавзуга оид