Жаҳон | 23:26 / 28.07.2025
1123
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда хорижликларга 2025 йил охиригача такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш тақиқланди

Тақиқ россияликларни «ишга жойлаштириш учун имкониятлар яратиш» билан изоҳланган.

Фото: ТАСС

Санкт-Петербург маъмурияти чет эл фуқароларига 2025 йил охиригача такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқлади, деб хабар берди Meduza.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов патент бўйича ишлаётган чет эл фуқароларини йил охиригача «енгил такси ва ҳайдовчиси бўлган ижарага олинган енгил автомобиллар» соҳаси учун ёллашни тақиқловчи ҳужжатни имзолади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Чет элликлар ишлаётган компаниялар учун уч ойлик ўтиш даври жорий этилди, «бу даврда улар амалдаги меҳнат муносабатларини тугатиши ва янги ишчиларни жалб қилиши мумкин».

Қарор 10 кундан кейин, 7 августда кучга киради.

«Қарор такси соҳасидаги хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда Россия фуқароларини иш билан таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган», деб маълум қилди шаҳар маъмурияти.

Расмийларнинг фикрича, 2025 йил охиригача тақиқнинг жорий этилиши «унинг шаҳар ҳаётига ижтимоий-иқтисодий таъсирини» баҳолаш ва 2026 йилда бундай чораларни қўллаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиш имконини беради.

Санкт-Петербург ҳукумати тақиқни бир неча ой муҳокама қилди. Дастлаб улар 1 июлдан бошлаб чет эл фуқароларига куриер бўлиб ишлашни тақиқлаш ва чекловлар жорий этишни режалаштирган эди.

Россия ҳудудлари расмийлари 2015 йилдан бошлаб мигрантларнинг ишлашига турли чекловлар киритмоқда. Охирги йил ичида чет элликларнинг таксиларда ишлашига камида Татаристон, Камчатка ва Омск вилоятида тақиқ қўйилди.

Мавзуга оид