Ўзбекистон | 16:52
9427
4 дақиқада ўқилади

Зеленский урушда Россия томонида жанг қилаётган ўзбекистонликлар ҳақида гапирди

Зеленскийнинг Харкив областига ташрифи вақтидаги учрашувда украин ҳарбийлари ушбу йўналишдаги Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма аскарлар Россия сафида жанг қилаётгани ҳақида маълумот берди. «[Бунга] муносабат билдирамиз», – деди Украина президенти.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Володимир Зеленский 4 август куни Харкив области шимолида жойлашган Вовчанск шаҳридаги баталёнга ташрифи якунлари бўйича постида урушда Россия сафида қатнашаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида ёзди.

Президент ўз ташрифида командирлар билан фронтдаги вазият, Вовчанск мудофааси ва жанглар динамикаси ҳақида суҳбатлашган.

«Дронлар билан таъминлаш ва улардан фойдаланиш, аскар ёллаш ҳамда бригадаларни бевосита молиялаштириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Ушбу йўналишдаги жангчилар Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма аскарлар ҳам урушда иштирок этаётганини қайд этди. Муносабат билдирамиз», – деди Зеленский.

Маълумот учун, Россия қўшинлари 2024 йил майидан буён Вовчанск шаҳрини эгаллаш учун ҳужум қилиб келмоқда. Бу шаҳар Россия чегарасига 5 км масофада жойлашган.

Урушдаги ўзбекистонликлар

2022 йил февралида Россиянинг Украинага босқини бошланган илк кунлардаёқ ўзбекистонликлар фронтда кўриниш берганди, хусусан, Россияга ўқиш учун борган ёш йигитлар қўлида қурол билан Украина ҳудудига кирганида асир тушганди.

BBC суриштирувига кўра, Ўзбекистоннинг камида 66 фуқароси Россия-Украина урушида Россия томонида қатнашиб ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Россиядаги қамоқ жазосини «ноллаштиришга» уриниб, «Вагнер» ХҲК билан шартнома тузгани маълум бўлган.

Украинанинг «Хочу жить» (Яшашни истайман) давлат лойиҳаси 2025 йил апрелида урушда иштирок этиш учун Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар ўзбекистонлик рўйхатини эълон қилганди. Улардан камида 109 нафари ҳалок бўлган.

Худди шу лойиҳа 2025 йил июлида Украинадаги хорижий ҳарбий асирлар сони бўйича Ўзбекистон 33 давлат орасида биринчи ўринда экани ҳақида хабар қилди. Асирликдаги ўзбекистонликлар сонига аниқлик киритилмаган. Ўтган вақт давомида ҳарбий асирлар алмашуви доирасида бирор марта Ўзбекистон фуқаролари асирликдан қайтарилмаган.

Шунингдек, 2025 йилда Россия камида 902 нафар ўзбекистонликни урушга ёллагани айтилган. Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётганларни таҳдид ва руҳий босим орқали урушга жалб қилишаётгани қайд этилган.

«Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати буни англаб етади ва Россиянинг хатти-ҳаракатларига қатъийроқ муносабатда бўлиб, ўз фуқароларининг ҳаётини асрайди», – дея қўшимча қилган лойиҳа.

Ўзбекистон судларида 2024-2025 йилларда Украинадаги урушда ёлланма жангчи сифатида иштирок этгани учун ўнга яқин фуқаро судланган. Аксар ҳолларда уларга нисбатан шартли қамоқ жазоси қўлланмоқда. Фақат бир ҳолатда 5 йиллик қамоқ жазоси берилгани маълум.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, ўзбекистонликларнинг учинчи давлат ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёхуд низолашаётган томон назорати остидаги ҳудудда доимий истиқомат қилмайдиган шахснинг моддий рағбат олиш мақсадида қуролли тўқнашувда ёки ҳарбий ҳаракатларда хорижий давлат ҳудудида иштирок этиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг ҳарбий хизматга, хорижий давлатларнинг хавфсизлик, ички ишлар, ҳарбий адлия ёки бошқа шунга ўхшаш органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид