Ўзбекистон | 22:12 / 05.08.2025
1790
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркманистонда бир қанча давлат етакчилари билан учрашди

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташрифи доирасида Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашди. Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Грузия бош вазирининг жорий йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбойжон бош вазири Али Асадов билан учтомонлама учрашув ўтказди. Ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди. Энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди. Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ортиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми ва қатор маданий тадбирлар натижадорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид