Ўзбекистон | 23:15 / 05.08.2025
1722
1 дақиқада ўқилади

БМТ конференциясида ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павилйони намойиш этилди

Туркманистоннинг Аваза шаҳрига йиғилган турли давлат вакиллари Ўзбекистон павилйонини томоша қилди.

Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТ конференцияси доирасида давлат раҳбарлари, жумладан президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон миллий кунларига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

Миллий кунлар минтақа халқларининг бой маданий меросини, мустаҳкамланаётган қўшничилик алоқаларини ва кенгайиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлигини намойиш этиш мақсадида уюштирилди.

Бу ерда анъаналар ва ҳунармандчиликка бағишланган, маданият, санъат ва туризм соҳаларидаги замонавий ютуқлар акс этган миллий павилйонлар очилган. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмаси ва пазандачилик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилган.

Таъкидланишича, анъанавий ўзбек ҳовлиси кўринишида қурилган Ўзбекистон павилйони ташриф буюрувчиларда ёрқин таассурот қолдирди.

Қайд қилинишича, тадбир минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишга хизмат қилди.

Мавзуга оид