Жаҳон | 18:51 / 05.08.2025
11271
8 дақиқада ўқилади

Москвада «Крокус» теракти бўйича суд. Асосий маълумотлар

Россияда терроризм бўйича энг йирик ишлардан бири судгача етиб борди. «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум юзасидан 19 киши судланмоқда. Жараён ёпиқ режимда ўтказилмоқда. Тергов ИШИДни Украина билан боғлашга уринмоқда.

Фото: Павел Бедняков / AP / Scanpix / LETA

Москвада «Крокус Сити Ҳолл»даги теракт иши бўйича суд бошланди. 2024 йил 22 март куни «Пикник» гуруҳи чиқиши бошланиши арафасида террорчилар Москва чеккасидаги концерт залига бостириб кириб, мухлислар ва бинода ишловчи ходимларни ўққа тутганди. Бинода йирик ёнғин чиққан, теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Тергов маълумотларига кўра, 600 дан ортиқ киши яраланган ва жароҳатланган. Етказилган зарар миқдори 5,7 млрд рублни ташкил этди.

19 киши суд қилинмоқда: булар тўрт нафар ижрочи ва уларга «ёрдамлашган» 15 киши. Терактнинг бевосита ижрочилари сифатида Тожикистоннинг тўрт фуқароси – Далержон Мирзоев, Саидакром Ражабализода, Шамсиддин Фаридуний ва Муҳаммадсобир Файзов айбланмоқда. Судда тўрталаси ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва жабрланувчилардан кечирим сўради, деб ёзади ТАСС.

Жабрланувчилар адвокати Людмила Айварнинг айтишича, суд мажлисида судланувчиларнинг шахсига оид материаллар ўрганилади, шундан сўнг давлат айбловчиси уларни ҳибсга олиш муддатини яна 6 ойга узайтиришни сўрайди.

Фаридуний, Мирзоев ва Файзов судда. Фото: Mikhail Tereshchenko/TASS

Жиноят иши бўйича яна 15 киши тергов қилинмоқда, айблов томони уларни террорчиларнинг шериклари деб ҳисобламоқда. Улардан 8 нафари айбига қисман иқрор бўлган, 7 нафари айбловни рад этган.

Ингушетиялик Ҳусен Медов ва Жабройил Аушев бўш патронлар билан отишга мослаштирилган қуролни жанговар қуролга айлантиришда айбланмоқда. Беш нафари – Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов ва ака-ука Умеджон ва Мустақим Солиевлар – терактнинг эҳтимолий ижрочиларига қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришгани айтилади.

Айблов хулосасига кўра, яна тўрт киши – Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллоий, Жумахон Қурбонов ва Муҳаммад Зоир Шарифзода қолганларни пул билан таъминлаган.

Алишер Касимов уйни асосий айбланувчиларга ижарага берган. Тергов версиясига кўра, у квартирадан «Крокус»га ҳужумга тайёргарлик кўриш учун фойдаланаётганидан хабардор бўлган. Исроил Исломов ва унинг ўғиллари Диловар ва Аминчон янгиликларда теракт ижрочилари «Reno» автомобилида воқеа жойидан қочиб кетганини кўриб, полицияга ўзлари келишган. Улар «Крокус»га ҳужум қилинишидан бир неча кун олдин сотилган машинани танишганди. 2024 йил август ойида ҳибсга олиш муддатини узайтириш бўйича суд мажлисларидан бирида Касимов шундай қичқирганди: «Майли, бизнинг айбсиз эканимизни билиш олишсин».

Айбланувчиларнинг барчаси аллақачон террорчилар реестрига киритилган.

Ҳужум ташкилотчилари барибир топилмади. «Террорчилик ташкилотининг икки ташкилотчиси ва тўрт нафар иштирокчисига нисбатан дастлабки тергов давом этмоқда», – дея хабар берганди РФ Тергов қўмитаси июн ойида. BBC рус хизмати иш материалларига таяниб, ташкилотчиларнинг исмлари А.И. Беков ва А.М. Ҳикматов эканини ёзган, бошқа алоқадорлар аниқланмаган. Шу билан бирга, Интерпол орқали ушбу шахсларни экстрадиция қилиш ёки қидириш бўйича мумкин бўлган сўровлар тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.

Тергов ҳодисанинг икки версиясини – ИШИД террорчилари ҳужуми ва «Украина изи»ни – битта версияга жамлади, деб ёзади BBC. 2024 йил май ойида Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников «террорчиларнинг тайёргарлик ҳаракатлари, молиялаштирилиши, ҳужуми ва чекиниши Афғонистон-Покистон ҳудудида бўлган «Хуросон вилояти» гуруҳи аъзолари томонидан интернет орқали мувофиқлаштирилгани» ҳақида хабар берганди.

ИИВ маълумотларига кўра, улар ҳужумнинг тўрт нафар ижрочиси – Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Шамсиддин Фаридуний ва Саидакрами Ражабализодани ёллаб, уларни хорижда тайёргарликдан ўтказган.

Тергов версиясига кўра, жиноят Украина махсус хизматлари иштирокида режалаштирилган ва амалга оширилган. Россия Тергов қўмитасининг таъкидлашича, теракт содир этилгандан сўнг тўрт нафар ижрочи Украинага қочишга уринган, бироқ Брянск областида қўлга олинган.

Терговчилар ва айбловчилар теракт «Украина олий раҳбарияти манфаатлари йўлида» ИШИД таркибига кирувчи «Хуросон вилояти» террорчилик ташкилоти томонидан уюштирилганини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, терговчилар терактни ташкил этишда хорижий махсус хизматлар иштирок этганини таъкидламоқда.

Ҳужумдан сўнг дарҳол «Хуросон вилояти» гуруҳи теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. Ўз навбатида, Россия расмийлари, жумладан, президент Владимир Путин «Украина изи» версиясини қатъий илгари сурди. Украинада «Крокус»даги терактга алоқадорлик айбловлари рад этилган. ИШИД жангарилари эса Россия айбни Ғарб ва Украинага ағдарган ҳолда, ИШИД томонидан берилган зарбанинг олдини олишга қодир эмаслигини тан олганини айтишган.

«Украина изи» ҳақидаги версия тергов процессуал ҳужжатларида фақат 2025 йил март ойида пайдо бўлди, дея таъкидлайди BBC. Ҳозирча ҳужум уюштирганларни Украина билан боғлайдиган ягона очиқ маълумот – бу жиноят иши материалларидаги айбланувчиларнинг кўрсатмалари, деб ёзади нашр. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари айбланувчилар калтаклангани ва қийноққа солинганини ҳисобга олиб, бу кўрсатмаларга шубҳа билан қарашмоқда. Хавфсизлик кучларининг гумонланувчиларни қўлга олишдаги ҳаракатлари текширилмаган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин бўлган телеграм-каналлар асосий айбланувчилар ҳибсга олиш чоғида қийноқларга дучор бўлгани ҳақидаги далилларни эълон қилди. Судда улар калтаклаш излари билан пайдо бўлишганди. Улардан бирининг бўйнида пакет парчалари бўлган (айбланувчини пакет билан бўғишгани тахмин қилинган). Иккинчисининг қулоғи бинт билан боғланган бўлиб, ҳибсга олиш пайтида унинг бир қисми кесиб ташланган бўлиши мумкин. Учинчи айбланувчи суд залига катетерли замбилда олиб келинган ва атрофдаги воқеаларга лоқайд ўтирган.

Саидакрами Ражабализода қўлга олингандан кейин қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган судда
ARTYOM GEODAKYAN/TASS

Иш бўйича биринчи мажлис очиқ режимда бошланди, аммо тез орада ёпилди. Ишни Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий судининг уч нафар судясидан иборат ҳайъат кўриб чиқмоқда. Иштирокчилар сони кўплиги туфайли жараён Москва шаҳар суди биноларидан бирида бўлиб ўтмоқда. «Интерфакс»нинг хабар беришича, биргина дастлабки эшитувнинг ўзи учун судга 150 га яқин жабрланувчи келган. Ҳаммаси бўлиб бу ишда икки мингдан ортиқ киши бор. Жабрланувчилар 27 та фуқаровий даъво аризаси билан ҳам мурожаат қилган.

Дастлабки мажлислар терговнинг махфийлиги сабабли ёпиқ тарзда ўтказилди. 4 август куни эшитувлар дастлаб очиқ деб эълон қилинди, аммо деярли дарҳол ёпилди – иш материалларидаги махфий маълумотлар, шунингдек, унинг барча иштирокчилари, жумладан, давлат айбловчисининг хавфсизлигига таҳдид туфайли, деб хабар берди ТАСС. «Осторожно, новости» телеграм-каналининг таъкидлашича, эшитувлар Федерал хавфсизлик хизматининг прокурорга қарши «эҳтимолий провокациялар» ҳақидаги хати туфайли ёпилган. Жабрланувчилар вакили жараённи ёпмасликни сўраган.

Мавзуга оид