Жаҳон | 14:25
1334
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россия билан Дружба кўпригида тўсиқларнинг бир қисмини қурди

Эстония Ивангород ва Нарва ўртасидаги Дружба кўпригининг автомобил қисмига металл дарвозалар ўрнатди, дея хабар беради Pravda Estonia ва ERR.

Фото: Delfi.ee

Эстония Россия билан чегарада тўсиқлар ўрнатишда давом этмоқда. Ленинград вилоятидаги Ивангород ва Эстония шимоли-шарқидаги Нарва шаҳарларини боғловчи Дружба кўпригига металл дарвозалар ўрнатилди. Бу чегарани рухсатсиз кесиб ўтишнинг олдини олишга қаратилган янги хавфсизлик тизими биринчи элементи, деб хабар берди Pravda Estonia.

Унга кўра, келгусида кўприкнинг пиёдалар ўтиш жойига ҳам ҳаракатланувчи металл тўсиқлар ўрнатиш режалаштирилган.

Эстония жамоат телерадиокомпанияси (ERR) хабар беришича, қурилиш ишлари ҳам қуруқликдаги чегарада, ҳам Нарва дарёси бўйлаб олиб борилмоқда. Полиция ва чегара қўриқлаш кенгашининг лойиҳа менежери Мерле Тиккнинг айтишича, қуруқлик қисмида тахминан 60 километрлик чегара инфратузилмаси қурилиши якунланди. Яна 26 километрда ишлар давом этмоқда, баҳорда яна 20 километрда иш бошланиши кутилмоқда.

Эстония ва Россия ўртасидаги қуруқлик чегарасининг узунлиги 135,6 километрни ташкил қилади.

«Фақат дарёлар ва кўллар каби табиий тўсиқлар, чегара бўлиб хизмат қиладиган ва инфратузилмани қуриш мантиқсиз бўлган участкалар чегара инфратузилмасисиз қолади», деб тушунтирди Тикк.

Мавзуга оид