Ўзбекистон | 20:26
3224
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга борди

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.

Туркманбоши шаҳри аэропортида давлат раҳбарини Туркман халқи миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди.

Ўзбекистон етакчиси 5 август куни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган махсус тадбирда иштирок этади ҳамда қатор икки томонлама музокаралар ўтказади.

Бугун эса Туркманбошида Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси юксак савияда ўтказилаётгани билан самимий қутлаб, унинг кун тартибига киритилган масалалар минтақамизнинг барқарор тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Жорий йил апрел ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Дўстлик, ўзаро ишонч ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кўп қиррали ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Барча даражаларда самарали ва фаол мулоқотлар давом этмоқда. Йил бошидан буён товар айирбошлаш 600 миллион долларни ташкил этди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация чуқурлашиб бормоқда.

Биргаликда "Шовот-Тошовуз" чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувлар давом эттирилмоқда.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, БМТ конференцияси кун тартиби ҳамда жорий йил кузда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мавзуга оид