Ўзбекистон | 09:54
7397
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ўқитувчилар мактабни таъмирлашга чиқарилди

Марҳамат туманидаги 42-мактабда девор оқлашга жалб этилган ўнлаб ўқитувчилар таътилда бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ аёллар мактабда таъмирлаш ишлари билан банд экани акс этган видеолар тарқалди. Улар мактаб хоналари ва залларидаги девор ҳамда шифтларни тозалаш ва оқлаш билан шуғулланишган.

Видеолардан бирининг муаллифи улар математика, инглиз тили, рус тили, меҳнат ва бошқа фанлардан дарс берувчи ўқитувчилар эканини айтади. Улар меҳнат таътилида бўлганига қарамай, мактабда «ҳашар»га чақирилган.

Бу аёллар Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчилари экани маълум бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур видео юзасидан муносабат билдириб, ҳолат қатъий назоратга олингани ҳамда атрофлича ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди.

«Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунида педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланиши аниқ кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, уларни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Шу нуқтайи назардан юқоридаги ҳолатга сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилиши таъминланади», – дейилади баёнотда.

Шунингдек, битта мактабдаги ҳолатни умумий вазият сифатида баҳоламаслик сўралган.

Ҳолатга Андижон вилояти ҳокимлиги ҳам муносабат билдириб, масала ўқитувчиларнинг қадр-қиммати билан боғлиқлиги сабабли, мазкур ҳолат вилоят ҳокими томонидан алоҳида назоратга олинганини маълум қилди.

«Вилоят ҳокимлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, холис ва атрофлича ўрганиш ишлари бошланган. Ушбу ҳолат ҳозирда ўрганишда бўлгани сабаб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогер ҳамда ОАВ вакилларидан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз», – дейилади ҳокимлик хабарида.

Ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот тақдим этилиши ва ҳолатга йўл қўйган масъулларга қатъий чоралар кўрилиши қайд этилган.

«Вилоят ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг асосий вазифаси – таълим бериш, тарбиялаш ва келажак авлодни шакллантиришдан иборатлиги юзасидан билдирилган фикрларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўқитувчиларни таълимдан ташқари ишларга жалб қилишни мутлақо ноқонуний ҳисобланишини билдиради», дейилади ҳокимлик муносабатида.

Мавзуга оид