Ўзбекистон | 12:29
5211
2 дақиқада ўқилади

Булоқбоши туманидаги каналга нефт оқиб кетди

Бунга «Саноат энергетика гуруҳи» нефтни қайта ишлаш корхонасидаги авария сабаб бўлган.

Фото: Фото: Андижон вилояти экология бошқармаси

Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани Раиш қишлоғидан оқиб ўтувчи каналда нефть оқаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат нефтни қайта ишлаш корхонасидаги авария сабаб юз бергани маълум бўлди.

29 июл куни ҳолат Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўрганилганда «Саноат энергетика гуруҳи» МЧЖ томонидан нефтни қайта ишлаш натижасида авария юз бергани аниқланган.

«Ушбу ҳолат тўлиқ бартараф этилди. Ҳолат бўйича “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖга тегишли тартибда текширув ўтказиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди», дейилади бошқарма хабарида.

Текширув якунлари бўйича табиатга етказилган зарар ҳамда қўлланган таъсир чоралари ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 26 июл куни Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Жанубий Фарғона канали кўпикка тўлиб оққани акс этган видеолар тарқалганди. Ўрганишлар натижасида тикув-трикотаж фабрикаси томонидан қайта ишланган матолар учун фойдаланилган сув каналга ташлангани, оқибатда сувнинг кўриниши ва таркиби ўзгаргани маълум бўлган.

Мавзуга оид