Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ва Медведев ижтимоий тармоқларда тортишиб қолди
Оқ уй раҳбари Дмитрий Медведевни «омадсиз» деб атади. Россиянинг собиқ президенти Трампга ядровий қурол билан таҳдид қилди.

Фото: Getty images
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ижтимоий тармоқларда бир-бирига нисбатан кескин баёнотлар берди.
Можаро Трамп томонидан Россия президенти Владимир Путинга Украина билан сулҳ тузиш учун 10 кун муҳлат берганидан кейин бошланди.
Дастлаб Медведев бу талабни ижтимоий тармоқда танқид қилди.
«Трамп Россия билан ултиматум ўйнамоқда: гоҳ 50 кун, гоҳ 10 кун. У икки нарсани ёдда тутиши керак: 1. Россия Исроил ҳам, ҳатто Эрон ҳам эмас. 2. Ҳар бир янги ултиматум - бу урушга таҳдид ва қадам. Россия ва Украина ўртасида эмас, балки ўз мамлакати билан», деб ёзди Медведев X платформасида.
Трамп бунга жавобан, ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Медведевни омадсиз деб атади ва тилини тийишни маслаҳат берди.
«Менга Ҳиндистон Россия билан нима қилиши аҳамиятсиз. Улар биргаликда ўлик иқтисодиётларини барбод қилиши мумкин, менга фарқи йўқ. Келинг, ҳаммасини ўз ҳолига қўйиб, Россиянинг собиқ омадсиз президенти, ҳали ҳам ўзини президент деб ҳисоблайдиган Медведевга тилини тийишни айтамиз. У жуда хавфли ҳудудга кириб бормоқда», деб ёзди Трамп.
Медведев бунга қараб турмади ва Америка президентининг асабий муносабати Россиянинг ҳақлигини тасдиқлаётганини айтди.
«Агар Россия собиқ президентининг баъзи сўзлари қудратли АҚШ президентида шундай асабий реакция уйғотган бўлса, демак, Россия ҳамма нарсада ҳақ ва ўз йўлида давом этади», деб ёзди Медведев Телеграм-каналида.
Медведев, айниқса Трампнинг «ўлик иқтисодиёт» ҳақидаги сўзларига кескин муносабат билдириб, ядровий таҳдидга ишора қилди.
«Тирик мурдалар» ҳақидаги севимли филмларини, шунингдек, мавжуд бўлмаган «ўлик қўл» қанчалик хавфли эканини эсласин», деб ёзди у.
«Ўлик қўл» деганда Россиянинг Ғарбда «Dead Hand» номи билан танилган «Периметр» тизими назарда тутилган, у оммавий жавоб ядровий зарбани автоматлаштирилган бошқариш мажмуасидир.