Ўзбекистон | 21:43 / 31.07.2025
3374
3 дақиқада ўқилади

Қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашга доир илтимосларнинг 95 фоизи қаноатлантирилди – Олий суд

Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида тергов-суриштирув органлари 11 мингдан ортиқ айбланувчини эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақида илтимоснома киритди. Тергов судялари ушбу илтимосномаларнинг 5,2 фоизини рад қилган. Шунингдек, ушбу даврда тергов судяларига тинтув ўтказиш ҳақида 9,5 мингдан ортиқ илтимосномалар келиб тушган.

Фото: ТАСС

Ўзбекистонда 2025 йил бошидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида фуқароларнинг эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал қарорларга санкция бериш ваколати – алоҳида ташкил қилинган тергов судяларига ўтказилди. Шу билан бирга республика бўйлаб барча туман ва шаҳар судларида 200 дан ортиқ тергов судялари иш бошлаган. Уларга, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини ҳам кўриб чиқиш ваколати берилган.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, тергов судялари томонидан 2025 йил январ-июн ойларида 342 742 нафар шахсга нисбатан 301 528 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш, 173 902 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш билан боғлиқ материаллар кўриб чиқилган.

Шу билан бирга, тергов судялари ўзининг тўғридан тўғри ваколатлари бўйича, ушбу даврда санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш бўйича 24 минг 382 та илтимоснома кўриб чиққан.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz'га тергов судялари кўриб чиққан илтимосномаларнинг турлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра илтимосномаларнинг:

  • 11 676 таси қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш;
  • 9 544 таси тинтув ўтказиш;
  • 978 таси паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш;
  • 962 таси почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш;
  • 416 таси мол-мулкни хатлаш;
  • 414 таси уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимосномалар.

Олий судга кўра, тергов судялари қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ кўриб чиқилган илтимосномаларнинг 5,2 фоизини рад қилган.

Бу – тергов-суриштирув органлари томонидан 11 минг 676 гумондор ёки айбланувчини эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш сўралгани, тергов судялари эса уларнинг 607 тасига рад жавобини берганини англатади. Қолган 11 минг 69 та ҳолатда ёки 95 фоиз ҳолатларда эса қамоққа олишга рухсат берилган.

Маълум қилинишича, рад қилиш билан боғлиқ 5,2 фоизлик кўрсаткич 2017 йилда 0,4 фоиз, 2020 йилда 1,6 фоиз, 2023 йилда 2,6 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонда тергов судяси институти жорий қилинишидан бир неча ой олдин – 2024 йил ноябр ойида Олий суди раиси Бахтиёр Исломов адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Ўшанда Олий суд раиси қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги прокурор илтимосномалари судлар томонидан оммавий қаноатлантирилаётгани, судялар қатъиятсизлиги оқибатида изоляторлар тўлиб кетганини айтган. Исломов муаммо янги тергов ҳибсхоналарини қуриш билан ҳал қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Кейинроқ тергов судяси корпуси шакллантирилди. Қонун ташаббускорлари Ўзбекистон учун янги бўлган ушбу институт – тергов жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришини айтган.

Kun.uz йил бошида тергов судяси Беҳзод Мўминов билан суҳбат ўтказиб, бу институтнинг вазифаси ва қандай ишлашини тушунтириб берганди.

Мавзуга оид