Жаҳон | 23:34 / 04.07.2025
1628
2 дақиқада ўқилади

АҚШда хатолик туфайли 400 йилга қамалган эркакка 1,7 млн доллар компенсация тўланди

Флоридалик эркак ўзи содир этмаган ўғирлик иши учун 34 йил қамоқда ўтирган. 2023 йилда у тўлиқ оқланган эди. Орадан икки йил ўтиб, унинг қамоқда ўтказган умри учун компенсация тўланди.

Фото: Getty images

Флорида штатида ноҳақ чиқарилган ҳукм туфайли 34 йил қамоқда ўтирган эркак ҳукуматдан 1,7 миллион доллар миқдорида компенсация пули олди, деб хабар бермоқда 7News.

Қайд этилишича, 59 ёшли Сидней Ҳолмс 2023 йилда, иши қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ оқланганидан кейин озод этилган.

«Ҳолмсни ўғирлик билан боғловчи ҳеч қандай далил йўқ. У хатолик туфайли гумонланувчилар доирасига тушиб қолган», — дейди эркакнинг адвокати судда.

1988 йил июнда Ҳолмс супермаркет яқинидаги қуролли босқинда айбланган. Эркак ҳеч қачон ушбу дўконга кирмаганини маълум қилган ва унинг алибисини олти киши тасдиқлаган бўлсада, Ҳолмс гумонланувчилар қаторига тушиб қолган. Эркакнинг айтишича, бунга унинг автомобили ўғирлик содир этилган жойдаги транспорт воситасига ўхшагани сабаб бўлган. Ҳолмс ушбу воқеа содир бўлган кунда фарзандлари ва отаси билан бирга бўлганини таъкидлаган.

Айбсизлигига қарамай, флоридалик эркак 400 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2020 йилда Ҳолмс айблов ҳукмларини текшириш бўлимига мурожаат қилган. Текширувлар якунида прокуратура унинг жиноятга алоқаси бўлмганини тасдиқлаган. Эркак ҳеч кимдан хафа эмаслигини айтиб, давлат ажратадиган ёрдам туфайли нормал ҳаёт тарзига қайтиш ниятида эканини билдирган.

Мавзуга оид