Ўзбекистон | 14:56 / 30.07.2025
4708
2 дақиқада ўқилади

Президент хом мевалар экспортга чиқарилишини танқид қилди

Оқибатда хориждаги савдо тармоқлари Ўзбекистоннинг минглаб тонна маҳсулотини хом ҳолатда етказиб берилгани учун қабул қилмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида хом мевани экспортга чиқараётган тадбиркорларни танқид қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

«Маҳсулотларимиз сифатли ва ширин бўлгани учун ташқи бозорларда „Ўзбекистонда етиштирилган“ бренди шаклланган»,  деди давлат раҳбари.

Лекин, айрим «чаққон» савдогарлар ҳаммадан олдин қимматроқ сотишни кўзлаб, хом мевани экспортга чиқараётгани танқид қилинди. Оқибатда хориждаги савдо тармоқлари минглаб тонна Ўзбекистон маҳсулотини хом ҳолатда етказиб берилгани учун қабул қилмаган.

Оқибатда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар ташқи бозорда ўз ўрнини йўқотиши мумкинлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, экспорт 21 та туманда ўтган йилга нисбатан 70 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бу туманларда 80 минг гектар пахта ва ғалла экилмайдиган майдон, яна 55 минг гектар томорқа ери бор.

Ушбу 21 та туман ҳокимига вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу борада ўзгариш қилиш бўйича аниқ режаларни тузиш топширилди.

Мавзуга оид