Ўзбекистон | 08:39 / 30.07.2025
811
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси икки йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) ўтказган тадқиқотга мувофиқ, 2025 йил июн ойида Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси 63 пунктни ташкил этди.

ИТИМ маълумотларига кўра, бу кўрсаткич сўнгги икки йил ичида қайд этилган энг юқори даража сифатида эътироф этилмоқда.

Энг барқарор бизнес фаоллиги ўсиши хизматлар ва саноат соҳаларида қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда ҳам тикланиш кузатилмоқда. Бу кўрсаткичлар тадбиркорлик муҳитининг барқарор трансформациясини акс эттирмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил июн ойи учун республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида бизнес муҳити таҳлили натижаларини эълон қилди. Таҳлил натижалари асосида бизнес муҳити индекси шакллантирилди, у бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакдаги ривожланиши бўйича баҳоларни акс эттиради.

Июн ойида бизнес муҳити индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 бандга ошиб, 63 бандни ташкил этди. Бу эса узоқ муддатли истиқболда бизнес ишончининг мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Шунингдек, ўтган ойга нисбатан ҳам 2 бандга ўсиш қайд этилди, бу эса жорий йил бошидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Июн ойида бизнес муҳити индексининг жорий ҳолати 47 бандни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 бандга ошганини кўрсатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг мамлакатдаги реал вазият ва бизнес юритиш шароитлари ҳақидаги тасаввурини акс эттиради. Унда савдо ҳажми, бандлик, талаб, ресурсларга етишимлилик ҳамда операцион муҳит барқарорлиги каби омиллар инобатга олинади.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалар индекси 6 бандга ошиб, 80 бандни ташкил этди. Бу эса тадбиркорларнинг барқарорликка бўлган ишончини намоён этмоқда.

Натижаларга кўра, тадбиркорларнинг 38 фоизи сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолатининг яхшиланганини маълум қилган, 38 фоизи талаб ўсганини қайд этган, 24 фоизи эса ишчилар сонининг кўпайганини билдирган. Шу билан бирга, сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 71 фоизи келгусида талаб ўсишини, 59 фоизи ишчилар сони кўпайишини, 21 фоизи эса нархлар ўсишини кутмоқда.
 

Мавзуга оид