Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент ва Коломбо ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин
Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев Шри-Ланка бош вазири Ҳарини Амарасурия билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА
Мулоқот чоғида бош вазир Ҳарини Амарасурия Ўзбекистон элчисини Шри-Ланкадаги дипломатик миссиясига расман киришгани билан самимий табриклади. Ҳукумат раҳбари Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида эътироф этиб, мамлакатларимиз ўртасида барча даражаларда жадал ва конструктив мулоқотни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, у айни пайтда Шри-Ланка Олий ва касб-ҳунар таълими вазирлигига бошчилик қилишини айтиб, таълим ва касбий тайёргарлик соҳаларидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш, икки мамлакат ўртасида кадрлар тайёрлаш, академик алмашинувлар ва қўшма тадқиқотларни амалга ошириш бўйича аниқ ташаббусларни илгари сурди.
Ўзаро шерикликни институционал асосда чуқурлаштириш мақсадида Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияни тузиш, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Транспорт ва логистика соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Жанубий Осиё ва Океания мамлакатларига чиқиш имконини берувчи Ўзбекистон – Шри-Ланка савдо-логистика ҳабини яратиш таклифи илгари сурилди.
Ўзаро манфаатли ва истиқболли соҳалар – рақамли иқтисодиёт, электрон савдо, фармацевтика, тиббий туризм ва сайёҳлик каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шри-Ланка бош вазири Тошкент ва Коломбо ўртасида тўғридан тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш кераклигини қайд этиб, бу сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни фаоллаштириш учун муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий масалалардаги ҳамкорлик, БМТ ва бошқа нуфузли ташкилотлар доирасида шериклик, ташаббусларни ўзаро мувофиқлаштириш юзасидан томонларнинг ёндашувлари якдил экани тасдиқланди.
Мавзуга оид

12:06 / 29.07.2025
Шри-Ланка Ўзбекистонга ўз портларидан фойдаланишни таклиф қилди

09:14 / 29.07.2025
Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Шри-Ланка президентига ишонч ёрлиқларини топширди

12:27 / 21.07.2025
Манама ва Тошкент ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши мумкин

20:19 / 19.07.2025