Жаҳон | 13:40 / 24.07.2025
1536
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Украина асирлар алмашинувининг тўққизинчи босқичини ўтказди

Зеленский оғир касал ва оғир яраланган украиналик аскарларнинг Россиядан қайтганини маълум қилди. Россия музокаралар гуруҳи раҳбари Мединскийнинг сўзларига кўра, ҳар томондан 250 га яқин киши алмашилган.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

2 июн куни Истанбулда келишилган Россия ва Украина ўртасида асирлар алмашинувининг тўққизинчи босқичи 23 июл, чоршанба куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Telegramʼда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

«Оғир касал ва оғир яраланган ҳимоячилар уйларига қайтмоқда. Тафсилотлар ҳақида — сўнгги Истанбул келишувларининг барча босқичларида 1000 дан ортиқ фуқароларимиз ортга қайтарилди. Минглаб оилалар учун яна ўз яқинларини қучоқлаш қувончлидир. Бунда меҳнат қилган барчага раҳмат», — дейилади унинг постида.

Зеленский шу куни ўз ватанларига қайтганларнинг «катта қисми» уч йилдан кўпроқ вақт давомида Россия асирлигида бўлганини таъкидлади.

Истанбулдаги Россия музокара гуруҳи раҳбари Владимир Мединский ҳам Украина-Беларус чегарасида бўлиб ўтган асирлар алмашинуви якунланганини тасдиқлади. «Биз охирги марта муҳокама қилинган гуманитар йўналишлар бўйича барча келишувлар бажарилганини маълум қилдик. Ҳозирда Украина-Беларус чегарасида ҳар икки томондан тахминан 250 кишидан иборат ҳарбий асирларнинг сўнгги партияларини алмашиш ишлари якунланмоқда. Шу тариқа, 1200 га яқин одамнинг иккинчи мисли кўрилмаган йирик алмашинуви амалга оширилди», — дея иқтибос келтирган "Интерфакс" нашри. 

Мавзуга оид