Ўзбекистон | 16:15 / 25.07.2025
8408
4 дақиқада ўқилади

Россия фуқаролари заҳарланиб вафот этган Тошкентдаги меҳмонхона эгаси 8 йилга қамалди

Тошкентдаги Karaman Palace раҳбари ҳамда ушбу меҳмонхонага эски ва конструкциясига ўзгартишлар киритилган иситиш қозони ўрнатган 3 кишига ҳукм ўқилди. Кенг қамровли техник экспертиза ўтказилганда меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугагани аниқланган. Бунинг ортидан 3 киши заҳарланиб вафот этган.

Фото: Kun.uz

3 нафар фуқаро заҳарланиб вафот этган Тошкент шаҳридаги Karaman Palace меҳмонхонаси раҳбари ва бошқалар жиноий жазога тортилди.

Суд ҳукмида келтирилишича, жиноят ишида 4 киши – меҳмонхона раҳбари Азамат Хўжақулов, унга иситиш қозонини сотган Зайниддин Жамолдинов ва Абдурасул Юсупов ҳамда уни ўрнатган уста Нодир Қурбонов айбланган.

Зайниддин Жамолдинов ва Абдурасул Юсупов иситиш қозонлари савдоси билан шуғулланиб келган. Улар Karaman Palace Hotel меҳмонхонаси раҳбари Азамат Хўжақулов ва сантехник Нодир Қурбонов билан биргаликда меҳмонхонага иситиш қозонини ўрнатган. Аммо улар томонидан ўрнатилган иситиш қозони хизмат муддатини ўтаган, эски ва конструкциясига ўзгартишлар киритилган, яъни конденсат чиқариш тизимидаги сифон олиб ташланган бўлган.

Шу тариқа сув иситиш қозонининг конденсат чиқариш қувури тўғридан тўғри, яъни сифонсиз канализацияга уланган, газ ускунасининг дудбуронлари нотўғри, техник ва меъёрий қоида талабларига зид равишда ўрнатилган. Дудбуронлар текширувдан ўтказилмай туриб иситиш қозони ишлатилган.

2024 йил 20 октябр куни иситиш қозонидан ис гази сизиб чиққан. Бунинг оқибатида Россия фуқаролари – 47 ёшли Инесса Паперная ва 45 ёшли Максим Радченко, шунингдек, ўзбекистонлик 48 ёшли Хушнуд Удеков ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг тегишли хулосаларида уларнинг ўлими ис гази ва водород сулфид газларидан ўткир заҳарланиш оқибатида нафас етишмовчилигидан рўй бергани қайд этилган.

Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза марказининг судга оид комплекс техник экспертизаси хулосасида иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат қилиш муддати ўтиб бўлгани, конструкциясига ўзгартиришлар киритилиб, конденсат чиқариш тизимидаги сифон олиб ташлангани ҳамда конденсат чиқариш қувури тўғридан тўғри канализация тизимига улангани қайд этилган. Шунингдек, хулосада конденсат чиқариш тизими носоз бўлган иситиш қозонларидан фойдаланиш, сифонсиз канализация қувурига улаш ис гази сизиб чиқишига олиб келиши ва бунинг оқибатида заҳарланиш хавфи пайдо бўлиши, газ ускуна ва жиҳозлари техник ҳамда меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, иситиш вентиляция ва кондициялаш талабига риоя қилинмагани оқибатида ис газининг чиқиши аниқлангани келтириб ўтилган.

Суд ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Азамат Хўжақуловга 8 йил, қолганларга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ҳодиса ҳақида

Инесса Паперная Россиянинг Lenta.ru нашри журналисти бўлган. У ҳамроҳи 45 ёшли Максим Радченко билан Миробод туманидаги Karaman Palace Hotel’да бўлишган. 20 октябр куни улар нонуштага чиқмаган. Меҳмонхона ходимлари аёл ётган хонага қўнғироқ қилганда ҳеч ким жавоб бермаган. Шундан сўнг ходимлар хонага киришган ва ваннада Инесса ва Максимнинг жонсиз ётганига гувоҳ бўлишган. Меҳмонхонанинг бошқа хонасида ўзбекистонлик Хушнуд Удеков ҳам вафот этган. Кейинчалик россиялик журналистнинг қонида ис гази аломатлари топилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид