Ўзбекистон | 22:01 / 24.07.2025
8721
9 дақиқада ўқилади

«Оқ олтин» балоси: Ўзбекистонда пахта қуллиги тарихи, оқибатлар ва бугунги кун ҳақида

Собиқ советлар даврида Ўзбекистон том маънода пахта плантациясига айлантирилганди. Бу давр оқибатлари мустақилликдан кейинги ўн йилликларга ҳам таъсир қилди. Kun.uz ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжатли филмда таниқли экспертлар Ўзбекистон қачон ва қандай қилиб пахта етиштирувчи мамлакатга айланиб қолгани, ўзбеклар пахта туфайли қандай азоб-уқубатларга дучор бўлгани, пахтачилик мамлакат хўжалиги ва генофондида қандай асоратлар қолдиргани ҳақидаги саволлар юзасидан фикрларини билдиришган.

Шунингдек, мустақиллик йилларида вазият қандай ўзгариб боргани ва президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган илк йилларда бу муаммога қандай чек қўйгани эслаб ўтилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Пахта уйимизни куйдирди...»

1980 йилда СССРда етиштирилган пахта ҳосилининг 30,1 фоизи, 1987 йилда 31,3 фоизи экспорт қилинади. СССР 1976 ва 1986 йилларда пахта толаси экспорти ҳажмига кўра дунёда мутлақ етакчи бўлади. Шунинг 60 фоизини Ўзбекистон таъминлаб берган.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«19-асрнинг иккинчи чорагида Россия империяси пахтани асосан Қўшма Штатлардан сотиб оларди. Аммо бир қанча сабабларга кўра Америкадан келаётган пахта таннархи қимматлашиб кетади, қолаверса, транспорт логистикаси йўллари беқарор бўлиб қолади.

Натижада Чор Россияси Ўзбекистон ҳудудида пахта етиштира бошлайди. Айниқса, Фарғона экиш кенг йўлга қўйилади, Америкадан пахта сотиб олиш тўхтатилади»

Бахтиёр Абдуғафур, биология фанлари доктори:

«Туркистонда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудларида 20-аср бошларидаёқ пахта етиштириш билан шуғулланилганди. Фарғона водийсида рус, яҳудий ва мусулмон савдогарлари ҳамда тадбиркорлари пахта етишни асосий касб фаолиятига айлантиришган. Пахта анъанавий суғориладиган майдонларда етиштирилган.

Шўролар даврида эса бутун Ўзбекистон ҳудудини улкан пахта хомашё базасига айлантириш сиёсати бошланади»

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

«Советлар бошқарувидаги дастлабки ўттиз йилликда пахта етиштириш ҳали экстрактив совет сиёсатининг узвий қисмига айланиб улгурмаганди. Асосий муаммолар урушдан кейинги йилларда пахта етиштиришни каррасига ошириш вазифаси қўйилганидан кейин, пахта етиштириш билан боғлиқ кампания сиёсий мафкура кампаниясига айланганидан кейин бошланган»

Бахтиёр Абдуғафур, биология фанлари доктори:

«Пахта ҳосилдорлигини ошириш кун тартибига чиқди. Қишлоқ хўжалигида минерал ўғитларни интенсив равишда, ҳаддан ташқари кўп миқдорда қўллашга ўтилди. Бу жараён айниқса 70-80 йилларда авжига чиқди.

Агрохимикатларни одам ёки жониворлар яшамайдиган жойларда қўллаш тавсия этилади. Лекин ишчи кучи, техника етишмаслиги туфайли «кукурузник»ларда далада ишлаётган теримчилар, сувчилар, шийпонда яшаётган болалар устидан сепиб кетаверган»

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«Ҳар икки-уч қишлоқ ўртасида самолётлар аэродроми бор эди. Самолётлар орқали пахта баргини тўкиш учун август ойида дори сепиларди.

Аҳоли саломатлиги мутлақо инкор қилинарди. Турли касалликларга чалиниш иттифоқдош республикаларга нисбатан Ўзбекистон ССРда кўп бўлган»

Таълим

Ўрозбой Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси:

«Пахтани Украинадаям эктириб кўришган. Лекин халқ қабул қилмаган. Бизда-чи? Ҳамма, болалар ҳам пахта теримида юрарди. Декабргача кетардик»

Дилором Каримова, Ўзбекистон халқ артисти:

«Декабр ойигача, кун совуқ, ҳамма ёқ музлаган, талабалар келмасди. Сентябрдан декабргача талабаларга ўқиш йўқ эди. Мана пахта қанақа териларди. Умуман ўқув муассасалари ишламасди.

Бу ерда болалар меҳнати, талабалар меҳнати, ўқишлардан қолиш, орада бўладиган фалокатлар, ёмғирда, қорда музлаган чаноқлардан пахтани териш - бу нарсалар умуман айтилмасди, кўрсатилмасди. Ватанни асраш учун жангчи ўққа қарши кўкрагини кериб чиққан бўлса, энди барча пахта учун сафарбар қилинганди»

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

«Пахта етиштиришнинг асосий сиёсий мақсади - ўзбек миллий зеҳниятини синдириш, қуллаштириш, бўйсундириш, меҳнаткаш, итоатгўй халқ сифатида шакллантириш рамзи сифатида кўрилиши керак»

Пахта иши

Дилором Каримова, Ўзбекистон халқ артисти:

«Пахта иши деган даҳшатли воқеа бошланди. Жуда кўп одамлар пахта ишида қамалиб кетди, уйлари вайрон бўлди, қанча одам ўлиб кетди...

Хотинлар азобдан ўзини ёқиш даражасига боради. Бу пахта шундай балойи азим касалликларни олиб келади, устидан сепилган дорилар туфайли болалар касалланиб ўсади. Миллат секин-аста ғаротга учрай бошлайди»

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«Пахта иши айни вақтда ўзбек иши дейиларди. Ўзбек халқига булар коррупционер, совет халқидаги энг катта жиноятчилар, булар ўзбеклар деган тамға босилганди. Аслида совет иттифоқининг барча республикаларида коррупция мисли кўрилмаган даражада кучайганди.

Ўша коррупцияга қарши курашиш баҳонасида айнан ўзбеклар ва Ўзбекистон ССР қурбон қилинади. Шароф Рашидов қурбон қилинади, бутун Ўзбекистон элитаси жазога тортилади»

Орол фожиаси

Ўтган аср ўрталарига қадар дунёдаги энг йирик кўл бўлган Орол денгизи СССРдаги пахта сиёсати туфайли қуриган.

Ўрозбой Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси:

«50-60 йиллар интенсив суғориш Оролнинг бошига етган. Пахта бошига етган Оролнинг.

Фанлар академияси академиги Оғажон Келдиевич Бобоевич Оролни қуритиб, пахта экиш керак деган таклиф билан чиққанди. Оролни қуритган пахта».

Бахтиёр Абдуғафур, биология фанлари доктори:

«Фанга кўра пахтани алмаштириб экиш талаб этилади. Бир хил ўсимлик экилиши тупроқнинг унумдорлигини ёмонлаштиради. Аммо шундай илмий ҳақиқатларни рад этган ҳолда, қайта-қайта пахта экилаверди, майдонлар кенгайиб бораверди, бу эса ўз-ўзидан суғоришга эҳтиёжни оширди, Сирдарё ва Амударёдан қўшимча сув ресурсларини олиш кун тартибига чиқди. Бу эса бугунги кундаги экологик оқибатлар сабаби»

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

«Шундай муносабат шаклландики, пахта одамдан ҳам қиммат, пахта электрдан ҳам қиммат, пахта сувдан ҳам қиммат. Бу иерархияда эса энг арзони сифатида сув танланди»

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«60-йилларда совет олимлари пахта экиш ҳажмини ошириш Ўзбекистонда мисли кўрилмаган экологик фожиа юз беришини жуда яхши англаб турарди. Улар Мирзачўлни ўзлаштириш, Қорақум ва Қизилқумни ўзлаштириш учун Сирдарё ва Амударё сувлари тортиб олиниши натижасида Оролга сув бормаслигини жуда яхши билишган. Совет раҳбариятини Орол денгизи, Ўзбекистондаги экологик вазият, инсонлар тақдири мутлақ қизиқтирмаган».

1980-йилларда Сибир дарёлари ирмоқларининг бир қисмини Орол денгизи томон буриш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар бошланади. Катта ваъдалар берилади. Бироқ 1985 йилда КПСС Марказий комитети ва СССР Министрлар совети Сибир дарёлари ирмоқларини Орол денгизи томонга буришга доир лойиҳаларни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмас деган қарорга келади.

Мустақиллик йилларидаги вазият

Дилором Каримова, Ўзбекистон халқ артисти:

«Мустақил давлат бўлиб пахта ҳукмидан қутулдикми деган савол бўлади. Йўқ.

Ўша-ўша болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этди. Талабаларни пахтага чиқариш давом этди. Ўқитувчилар меҳнатидан фойдаланиш давом этди»

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

«2000-йиллардан 2016 йилгача пахтанинг иқтисодиётдаги улуши камайиб бораётганига қарамасдан, пахта сиёсий ҳокимиятни янада мустаҳкамлаш, номенклатуранинг жамият устидан назоратини пасайтирмаслик йўлидаги асосий воситалардан бўлган. Пахта воситасида сентябрдан декабргача барча жараёнларни тўхтатиб қўйиш имконияти бўлган. Ҳар қандай фермернинг ерини пахта сиёсати баҳонасида тортиб олиш мумкин бўлган. Ҳар қандай талаба пахтага боғланган ҳолатда университетдан четлатиш мумкин бўлган. Исталган банкир, исталган молиячи ёки исталган солиқчининг ишини пахта воситасида бошқача талқин қилиш мумкин бўлган. Пахта жамиятнинг барча қатламлари устидан тотал ҳукмронлик ўрнатиш имконини берган».

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«Совет иттифоқи даврида мактаблар ва олий таълимда мажбурий меҳнатдан фойдаланиларди. Бу мустақиллик даврида ҳам давом этди. Биз ёшларимизга таълим бермадик, аксинча, уларни арзон ёки бепул ишчи кучи сифатида ишлатишда давом этдик».

Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши ортидан пахта етиштиришга давлат сиёсати даражасида қарашга ҳам барҳам берилди. Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувининг илк йилларида бошқа масалалар қатори мажбурий меҳнатга қарши фаол кураш олиб борилди, ўқитувчилар, шифокорлар ва талабалар турли дала ишларига сафарбар қилинишига чек қўйилди. Хусусан, 2017 йил сентябрида Ўзбекистон ҳукумати йиғилишида пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилди. Шундан кейинги йилларда бундай сафарбарлик ҳолатлари бошқа кузатилмади.

Мавзуга оид