Жаҳон | 10:05
6072
2 дақиқада ўқилади

Россияда Сталинни оқлаш авж олди. Коммунистик партия Хрушчёвнинг машҳур маърузасини хатога чиқарди

Россия коммунистлари Хрушчёвнинг 1956 йилги КПСС XX съездида Сталинни қоралаган маърузасини «хато ва нохолис» деб тан олувчи резолюцияни қабул қилди. Улар, шунингдек, Волгоград номини яна Сталинградга ўзгартиришни таклиф қилмоқчи. Сўнгги йилларда Россиянинг ўнлаб шаҳарларида Сталин ҳайкаллари пайдо бўлди.

Фото: AFP

Россия Коммунистик партияси КПСС МҚ биринчи котиби Никита Хрушчёвнинг партия XX съездида Иосиф Сталин шахсини қоралаган маърузасини нотўғри деб эълон қилди. Россия Коммунистик партиясининг Москва вилоятидаги қурултойида қабул қилинган резолюцияда Хрушчёвнинг «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида»ги маърузасини «нотўғри ва сиёсий тарафкашлик» деб аташ зарурлиги таъкидланган, деб ёзади РИА «Новости» 6 июл, якшанба куни.

Бир кун аввал «Интерфакс» ўз ихтиёридаги резолюция лойиҳаси матнига таяниб, ҳужжат Сталинга нисбатан «тўлиқ тарихий адолатни тиклаш»га қаратилгани ҳақида хабар берган эди.

Хрушчёв томонидан КПСС ХХ съездининг ёпиқ мажлисида тақдим этилган маърузада «И.В.Сталинга қарши сохталаштирилган фактлар ва ёлғон айбловлар мавжуд, унинг давлат ва партия фаолияти ҳақидаги ҳақиқат бузиб кўрсатилган», дея агентлик ўз ихтиёридаги резолюция лойиҳасидан иқтибос келтиради.

Коммунистлар, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинга Волгоград ва Волгоград вилоятини аввалги «Сталинград ва Сталинград вилояти» номига қайтариш бўйича мурожаат билан чиқиш ниятида эканини эълон қилди.

Сўнгги йилларда Россиянинг ўнлаб шаҳарларида Сталин ҳайкаллари пайдо бўлди. Май ойида Москва метросида совет диктатори бўлган ҳайкалтарошлик композицияси очилди. Айни пайтда Сталин қатағонлари қурбонлари ёдгорликлари вайрон қилинмоқда. Апрел ойида Волгоград аэропорти «Сталинград» деб ўзгартирилди.

Мавзуга оид