Жаҳон | 14:06 / 24.07.2025
1691
2 дақиқада ўқилади

Германия ва Франция FCAS жанговар самолёти бўйича келишмовчиликни ҳал қилмоқчи

Фридрих Мерц ва Эммануэл Макрон Берлиндаги учрашувда ўз мудофаа вазирларига FCAS мудофаа лойиҳаси атрофидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун «реал режа» тайёрлашни топширди.

Фото: Ralf Hirschberger/AFP

Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэл Макрон август ойи охиригача Келажакдаги жанговар ҳаво тизими (Future Combat Air System, FCAS)ни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишмовчиликларни бартараф этиш ниятида, деб хабар берди dpa 24 июл, пайшанба куни.

Германия ҳукумати вакили Штефан Корнелиуснинг сўзларига кўра, Берлиндаги учрашув чоғида Мерц ва Макрон ўз мудофаа вазирларига «FCAS лойиҳаси доирасида кейинги ҳамкорликдаги ишларнинг реал истиқболларини баҳолаш ва бу борада мавжуд низоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар киритиш»ни топширган.

Германия Франциянинг Dassault мудофаа компаниясидан «мавжуд келишувларга амал қилишини» кутмоқда, деб ёзади dpa. Ушбу компания, шунингдек, Airbus Deutschland ва Испаниянинг Indra компаниялари лойиҳада учдан бир тенг улушда иштирок этиши кераклиги тушунилади. Айни пайтда, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Dassault лойиҳадаги улушини 80 фоизга оширмоқчи, бу Германия учун номақбулдир.

Dpa маълумотларига кўра, Франциянинг Тулон шаҳрида 28 ва 29 август кунлари Франция ва Германия ҳукуматларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган. FCAS лойиҳаси бўйича келишмовчилик шу санагача ҳал этилиши керак.

Мавзуга оид