Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия ва Норвегия Украина учун ҳаво мудофаасига биргаликда тўлайди
Россия ҳаво ҳужумлари давом этаётгани сабабли Украина қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини олади. Германия ва Норвегия тегишли харажатларни бўлишиш ниятида, деди канцлер Мерц ва бош вазир Стёре.

Фото: Uwe Koch/IMAGO
Берлин ва Осло Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашни биргаликда молиялаштириш ниятида. 21 июл, душанба куни Берлинда Германия канцлери Фридрих Мерц билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ўз мамлакати Киев мудофаа қобилиятига «катта молиявий ҳисса» қўшишга тайёрлигини маълум қилди. Қўшма баёнотда ҳар икки давлат тўрт йилдан бери Россия ҳарбий тажовузидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади.
Агентликнинг таъкидлашича, федерал ҳукумат дастлаб АҚШдан ҳар бири бир миллиард еврога тенг иккита Patriot тизимини сотиб олиб, уларни тўғридан тўғри Украинага етказиб беришни режалаштирган. Бироқ, тузатилган режаларга кўра, Бундесвер ўзида мавжуд бўлган тўққизта Patriot тизимидан иккитасини аввало Украинага ўтказади, кейинроқ эса Қўшма Штатлардан уларнинг ўрнини босувчи тизимларни олади. Ўзгартиришлар бўйича принципиал келишувга аллақачон эришилган, аммо тафсилотларни Вашингтон билан келишиб олиш керак, деди канцлер Норвегияга харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олишга тайёрлиги учун «катта миннатдорчилик» изҳор этиб.
Германия канцлерининг сўзларига кўра, Германия ва Норвегия келажакда хавфсизлик ва қуролланиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида. Россия ҳарбий таҳдиди муносабати билан ҳамкорликни чуқурлаштириш зарур, деди у Берлинда Йонас Гар Стёре билан қўшма матбуот анжуманида. «Замонавий сувости кемаларини харид қилиш, улардан фойдаланиш, ўқитиш ва техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлигимиз янги стандартларни ўрнатмоқда», деб таъкидлади Мерц. Ўз навбатида, Стёре энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини излаш зарурлигини айтди, деб хабар беради AFP агентлиги.
«Стратегик технологиялар» соҳасида Берлин ва Осло «биргаликда дунё етакчиларига айланиш» ниятида, деди Мерц. «Норвегия, масалан, Европанинг коинотга мустақил чиқишини таъминлашга асосий ҳисса қўшади», деди федерал канцлер ва Норвегияни «космосга кириш эшиги» деб атади.