Жаҳон | 11:42
566
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда дунё бўйлаб 14 миллиондан ортиқ бола эмланмаган

2024 йилда 14 миллиондан ортиқ бола тўлиқ эмланмаган, Европа ва Марказий Осиёда эса эмлаш даражаси 1 фоиздан ҳам ошмаган.

Фото: Getty images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИCЕФ қўшма ҳисоботида можаролар ва гуманитар инқирозлар эмлашдаги тараққиётга тўсиқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Дунёдаги чақалоқларнинг чорак қисми заифлик, можаро ёки гуманитар инқирозлардан азият чеккан 26 мамлакатда яшайди.

Қайд этилишича, дунёдаги барча эмланмаган болаларнинг ярмидан кўпи тўққизта давлат, яъни Нигерия, Ҳиндистон, Судан, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Индонезия, Яман, Афғонистон ва Ангола ҳиссасига тўғри келади.

"Ташвишланарлиси, ушбу мамлакатлардаги эмланмаган болалар сони 2019 йилдаги 3,6 миллиондан 2024 йилда 5,4 миллионгача ўсди. Бу эмлашни инсонпарварлик чораларига интеграция қилиш зарурлигини кўрсатмоқда", – дейилади нашрда.

БМТ маълумотларига кўра, вакциналар йилига 3,5 миллиондан 5 миллионгача ўлимнинг олдини олади. ЖССТ ва ЮНИCЕФ кенг тарқалган нотўғри маълумотлардан огоҳлантирмоқда.

Ташкилотлар ҳукуматлар ва ҳамкорларни камбағал мамлакатлардаги болаларни ҳимоя қилиш учун маблағни кўпайтиришга, можаролар шароитида эмлашни кучайтиришга, нотўғри маълумотларга қарши курашишга, маълумотларни йиғиш ва назорат қилиш тизимларига сармоя киритишга чақирмоқда.

Мавзуга оид