Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий банк охирги бир йилда нархлари энг кўп ўзгарган товарларни маълум қилди
Ўзбекистонда сўнгги бир йилда 6 та товар нархи 30 фоиздан кўпроққа ошди: пахта мойи 43,5 фоизга, карам ва картошка 37 фоизга, қўй гўшти 32 фоизга, мол гўшти эса 30 фоизга қимматлади; метан нархи 36 фоизга кўтарилди. Эътиборлиси, ўтган бир йилда деярли ҳеч қайси ноозиқ-овқат товар арзонлашгани йўқ.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда метан нархи сўнгги бир йилда 36,2 фоизга қимматлаган. Бу – инфляция юзасидан Марказий банк эълон қилган инфографикада келтирилган.
Регулятор, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда, 2025 йил июн ойи якунлари бўйича йиллик нисбатда нархи энг кўп ўзгарган товарларни санаб ўтди.
Унга кўра, сўнгги бир йилда узум (–5,2%), бодринг (–37,7%), қовоқ (–29,5%), олма (–23,7%), помидор (–23,6%) ва гуруч (–16,7%) нархлари сезиларли арзонлашган.
Охирги 12 ойда энг кўп нархи ошган озиқ-овқатлар қаторини 43,5 фоизга қимматлашган пахта мойи бошқариб турибди. Бу даврда карам 37,4 фоизга, картошка 36,5 фоизга, қўй гўшти 32,0 фоизга, мол гўшти 30,5 фоизга, кунгабоқар ёғи 28,9 фоизга қимматлаган.
2024 йил июлидан 2025 йил июнигача бўлган даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархида деярли пасайиш бўлмаган. Фақатгина А4 қоғоз 6,7 фоизга, мактаб дафтари эса 1,4 фоизга арзонлашган холос. Нархи бирозгина ошган товарлар жумласига кондиционер (+0,4%), мобил телефон (+0,8%), телевизор (+1,0%) ва цемент (+1,3%) киради.
Энг кўп қимматлашган ноозиқ-овқат товар – бу метан: 36,2 фоиз. Кейинги ўринларни дорилар эгаллаб турибди: витаминлар 12,5 фоизга, антибиотиклар 11,8 фоизга, антигистамин препаратлар 11,8 фоизга қимматлаган. Шунингдек, пропан 11,3 фоизга, атир совун нархлари 10,3 фоизга кўтарилган.
Марказий банк инфографикасида нархида энг кўп ўзгариш бўлган хизматлар ҳақида маълумот берилмаган.
Аввалроқ Статистика қўмитаси июнда 0,2 фоизлик дефляция қайд этилганини маълум қилганди. Йиллик нисбатда инфляция 8,7 фоизни ташкил этган.