Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этяпти
Тошкент шаҳридаги 1 сотих ер нархи 334 млн сўмгача арзонлади. Шунингдек, пойтахтда иккиламчи бозордаги уйларнинг ўртача баҳоси ҳам 1 кв метр учун 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмгача пасайган. Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида ҳам нархларнинг тушиши кузатилган.

Фото: Kun.uz
Жорий йилнинг II чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик юқорилигича сақланиб қолди, дея хабар берди Ўзбекистон Марказий банки.
Ушбу давр мобайнида кўчмас мулк бозорида тузилган битимлар сони 88,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,9 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликда бевосита кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ шартномалар сони ҳам ўсишда давом этиб, 148,4 мингтани ташкил этган ва ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга кўпайган.
Нарх тенденциялари
Уй-жой секторидаги мавжуд талабга қарамай, таклиф даражаси юқорилиги нархларнинг барқарор паст ўсиш суръатлари шаклланишида ўз аксини топяпти.
Июнь ойи якунларига кўра, республика бўйича бирламчи уй-жой бозордаги нархлар йиллик ҳисобда сўмда 2,6 фоизга (долларда 2,1 фоизга) ўсди. Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари сўм ҳисобида 2,5 фоизга (долларда 2 фоизга) ошди. Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк нархларининг ўсиш суръатлари турлича шаклланишда давом этмоқда. Уй-жой нархлари даражаси юқори бўлган ҳудудларда (Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятлари) нархларнинг ўсиш суръатлари деярли ўзгармаган ёки бироз пасайган бўлса, бошқа ҳудудларда нархларнинг ошиши давом этган.
Уй-жой ижараси бозорида таклиф ҳажмининг ошиши ва талабнинг мавсумий пасайиши шароитида нархларнинг мўътадил даражаси сақланиб қоляпти. Ижара тўловлари нархлари ўтган чоракдан буён сезиларли ўзгармаган бўлиб, республика бўйича умумий ўсиш суръати нолга яқин даражада шаклланган (июнь ойида йиллик 0,3 фоиз). Тошкент шаҳрида эса ижара тўловларида нархларнинг пасайиши давом этмоқда (июнь ойида йиллик 6,1 фоизгача пасайган). Ер участкалари сегментида, Тошкент шаҳрида 100 кв метр (1 сотих) ер майдони нархи июнь ойи якунлари бўйича 334 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичлардан 2,5 фоизга паст бўлган.
“Умуман олганда, 2025 йилнинг ИИ чорагида кўчмас мулк бозорида битимлар сони ва ипотека кредитлари ҳажмининг ўсиши натижасида юқори фаоллик сақланиб қолди. Таклиф ҳажмининг ошиши ва харид қилиш имкониятларининг кенгайиши талабни қўллаб-қувватлаб, бозор ва нархлар динамикасининг мувозанатли ривожланишини таъминламоқда”, дейилади МБ шарҳида.
Мавзуга оид

17:11 / 01.08.2025
Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тизимига ўтилади

11:37 / 30.07.2025
Янги эскроу тизими. Бу уй-жой нархини янада қимматлаштирадими?

17:52 / 28.07.2025
Ҳар уч ўзбекистонликдан бири пул жамғармайди — сўровнома

13:15 / 28.07.2025