Жаҳон | 00:57
4455
2 дақиқада ўқилади

Алиев: «Қорабоғни тиклашда илк совғани Ўзбекистон берган»

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Қорабоғни тиклаш йўлидаги ҳаракатларидан миннатдор эканини айтди. Алиев бу ҳақда Ханкендида ўтказилган медиа-форум доирасида ўзбекистонлик журналист Шерзодхон Қудратхўжанинг саволига жавобан гапирди.

«Ўзбек биродарларимизнинг қўллови биз учун жуда муҳим. Қорабоғни тиклаш йўлидаги илк совғани Ўзбекистон берган. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Фузулида 960 ўқувчига мослашган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очгандик», деди Алиев.

Шерзодхон Қудратхўжа форум давомида Озарбойжон президентига бир нечта саволлар берди. Хусусан, Зангезур корридори ва Илҳом Алиевнинг отаси Гайдар Алиев ҳақида сўради. Президент Зангузер коридори бир нечта давлатни боғлайдиган муҳим артерия бўлишини айтди. Отаси ҳақида саволга эса таъсирланиб жавоб берди.

«Ватанимиз учун қийин дамларда халқимизнинг бахтига Гайдар Алиевдек одам бор эди. У ўша вақт ёш эмас, 70 га кирганди, саломатлигида ҳам муаммолар бор эди. Лекин у вазиятни изига тушира олди. Отам Қорабоғ озод қилинишини энг кўп истаган одам эди, лекин, афсус, бу кунларни кўра олмади», деди Илҳом Алиев.

Мавзуга оид